
Ўзбекистон футболининг иқтидорли мураббийларидан бири ҳисобланган Исломбек Исмоилов энди “Нефтчи” футбол клуби тизимида фаолият юритадиган бўлди. Расмий манбалар хабарига кўра, у клуб билан расман шартнома имзолади ва яқин вақтларда ўз ишини бошлаши кутилмоқда.
Ҳозирда Исмоилов Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Унинг бошчилигида ёшлар термаси 2025 йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубогида жонли ва таъсирли ўйинлар орқали чемпионликни қўлга киритгани ҳали ҳам мухлислар ёдида. Бу эса унинг иқтидори, стратегик фикрлаш қобилияти ва ёш авлод билан ишлашдаги муваффақиятини тасдиқлайди.
Марғилондан бошланган мураббийлик сўнггигача етаётган йўл
1992 йили Марғилонда туғилган Исломбек Исмоилов футболчилик таълимини “Пахтакор” академиясида олган. Аммо у футболчи сифатида эмас, айнан мураббий сифатида ўзининг ҳақиқий қиррасини кўрсата бошлади. Мураббийлик фаолиятини 2015 йилда “Ёзёвон” клубидан бошлаб, сўнгги 10 йил мобайнида бир қатор клубларда муваффақиятли иш олиб борди.
2018 йилда у Олтиариқнинг “Ифтихор” жамоасини, шундан сўнг Марғилоннинг “Фаровон” БФКсини бошқарган. 2019–2021 йиллар оралиғида эса Суперлигада иштирок этувчи “Турон” (Яйпан) клуби мураббийлар штабида иш олиб борди. Унинг иш услуби, профессионал ёндашуви ва ёш футболчиларни ишонган ҳолда майдонга туширишга тайёрлиги мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган.
“Нефтчи”да янги саҳифа очилади
Эндиликда Исломбек Исмоилов “Нефтчи” клубининг U-21 жамоасида иш бошлайди. Унинг фаолияти иккинчи давра бошида старт олиши режалаштирилган. Бу тайинлов “Нефтчи” клубининг ёшлар билан ишлаш тизимини янада кучайтириш ва иқтидорларни етиштирадиган мустаҳкам пойдевор яратиш мақсадини кўзлаётганидан дарак беради.
Айни пайтда “Нефтчи” академиясида бир қанча ёш иқтидорлар тайёргарлик кўрмоқда. Исмоилов каби профессионал ва натижага ишлайдиган мураббийнинг келиши бу авлодга янги руҳ, янги интизом ва янги имкониятлар олиб келишига ишонч билдирилмоқда.
Умид ва ишонч билан
Исломбек Исмоиловнинг келиши нафақат “Нефтчи”нинг ёшлар таркиби учун, балки бутун клуб тизими учун стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда. Унинг халқаро тажрибаси, Осиё чемпиони сифатидаги нуфузи ва ўзига хос мураббийлик услуби орқали жамоага янги йўналиш берилиши кутилмоқда.
Ҳозирча Исломбек Исмоилов U-17 терма жамоасидаги фаолиятини давом эттирмоқда, аммо “Нефтчи”даги иши билан ҳам бир вақтда юритиши эҳтимолдан холи эмас. Қандай бўлмасин, янги мавсумда Исмоилов шогирдлари билан қандай натижалар қайд этиши катта қизиқиш билан кузатилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар