
Европа футболида трансферлар мавсуми қизғин паллада. Мухлислар эътиборида эса — Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ЦСКАнинг ҳужумкор юлдузи Аббосбек Файзуллаевнинг “Истанбул Башакшеҳир” сафига ўтиши ҳақида тарқалган янги маълумотлар.
Сўнгги кунларда туркиялик журналист Усмон Алтунтерим ўз манбаларига таянган ҳолда, ушбу трансфер ортидаги асосий жиҳатларни мухлислар билан бўлишди. Унга кўра, музокаралар қарийб 20 кундан бери фаол давом этаётган экан ва Аббосбек шахсан ўзи трансферга розилик берган. Бу қарорга туркияликлар сафида яна бир ўзбекистонлик — Элдор Шомуродовнинг борлиги катта таъсир кўрсатгани айтилмоқда.
Эътиборлиси, “Башакшеҳир” клуби тўғридан-тўғри City Football Group — “Манчестер Сити”га эгалик қиладиган холдинг билан ҳамкорлик қилади. Шу боис, Аббосбек Файзуллаевнинг келажакда Европа топ-лигаларида ҳаракат қилишига йўл очилиши ҳам айнан шу трансфер орқали амалга ошиши кутиляпти. Турк клуби Файзуллаев учун 7,5 миллион евро ва бонуслар тўлашга тайёр экани ҳақида хабарлар бор.
Яна бир машҳур инсайдер Иван Карпов ҳам ушбу трансфер City Football Group ташаббуси билан амалга оширилаётганини таъкидлади. Ҳатто “Башакшеҳир” раҳбарларига Аббосбекни олишни ҳам айнан ушбу мутахассислар тавсия қилган.
- "Аббоснинг ЦСКАдан трансфери – “Истанбул Башакшеҳир”нинг Шайх Мансур холдингига кириши натижасидир. Айнан унинг мутахассислари “Истанбул Башакшеҳир”га Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчисини олишни тавсия қилган", - деб ёзди инсайдер Иван Карпов.
Россия футболи муҳитида ҳам Аббоснинг Премьер-лигада қолиши ёки кетиши жиддий муҳокама қилинмоқда. “Локомотив Москва” клубининг собиқ вице-президенти Юрий Белоус бу масалага муносабат билдириб, Файзуллаев кетса, бу нафақат ЦСКА, балки бутун Россия футболи учун йўқотиш бўлишини айтди. Шу билан бирга, Туркиянинг мусулмон мамлакати эканини ва Аббос учун бу қарор шахсан ва оиласи учун ҳам ўзига хос қадам бўлишини қайд этди.
- "Файзуллаевнинг кетиши нафақат “армиячилар” учун, балки бутун Россия футболига ҳам йўқотиш бўлади. Аббосбек жуда самарадор футболчи эканидан ташқари, унинг ўйинлари одамга ҳузур бағишлайди.
Бу трансфер ҳозир фойдалими? Файзуллаевни атиги 500 минг еврога олишган. Гап бошқа томонда. Агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси келаси йили жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатса, Файзуллаевни катта суммага трансфер қилиш имконияти туғилади.
Аббосбекнинг нуқтаи назаридан, ҳар ҳолда Москва фантастик шаҳар, унга Туркияда қай даражада қулай бўлишини айтиш қийин. Нима бўлганда ҳам Туркия худди Ўзбекистон каби мусулмон давлат, шу боис, Файзуллаевнинг ўзи, агентлари ва ота-онаси бу ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрган", - деди “Локомотив Москва” клуби собиқ вице-президенти Юрий Белоус.
Аббосбек “Пахтакор” тарбияланувчиси сифатида 2023 йилнинг августида ЦСКА сафига ўтган ва Москва клуби бу трансфер учун 500 минг евро тўлаган. Ўтган мавсумдаёқ у Россиядаги энг катта кашфиётлардан бири сифатида эътироф этилди. Шунингдек, Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб тан олинди.
Унинг фаолиятининг илк мавсумиёқ совринларга бой бўлди — ЦСКА билан чемпионатда бронза медали, кубок ва Суперкубок, айни пайтда, 72 та учрашувда 8 та гол ва 22 та ассистга эришган.
Трансфернинг молиявий томони ҳам эътиборга арзийди — ЦСКА Файзуллаевни 500 минг еврога қўлга киритган бўлса, бугун 7,5 миллион евро ва бонуслар миқдорида сўз бормоқда. Бу эса, ўзбекистонлик ёш юлдуз учун улкан ютуқ ва Европа йўлидаги катта қадам сифатида тарихга кириши мумкин.
Қисқача айтганда, Аббосбек Файзуллаевнинг “Башакшеҳир”га эҳтимолий ўтиши нафақат унинг шахсий ривожи, балки бутун ўзбек футболи учун катта қадам. Мухлислар эса бу трансфер расман эълон қилиниши ва ёш юлдузнинг Европада янада порлашини кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар