Жанубий Кореянинг машҳур Гоесан шаҳри 2025 йил 30 июлдан 4 августгача кураш бўйича Осиё миқёсидаги энг нуфузли ва йирик спорт мусобақасига мезбонлик қилди. Бу чемпионат Халқаро Кураш ассосиацияси ҳамда Осиё Кураш конфедерацияси тақвимидаги энг муҳим тадбирлардан бири сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ўзининг расмий баёноти орқали маълум қилди.
Турнир катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги беллашувларни қамраб олди. Кураш мусобақалари нафақат спортчиларнинг жисмоний имкониятларини, балки уларнинг маънавий тайёргарлиги ва руҳий чидамлилигини ҳам синовдан ўтказди.
Беш кун давом этган беллашувлар фахрийлар учун унутилмас онларга айланди.
Чемпионатнинг илк куни ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги беллашувлар билан бошланди. Унда қитъамизнинг 25 га яқин мамлакатидаги иқтидорли ва шижоатли ёш полвонлар гилам устида ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Беллашувлар натижалари Ўзбекистон спортчилари учун ёқимли сюрпризларга бой бўлди. Ёшлар ўртасидаги умумжамоа ҳисобида юртдошларимиз 36 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза, яъни жами 39 та медал билан мутлақ етакчиликни қўлга киритишди.
Иккинчи ўринни Ветнам спортчилари эгаллашди – улар ҳисобида 2 та олтин ва 1 та кумуш медал мавжуд. Ҳиндистон терма жамоаси эса 1 та олтин, 12 та кумуш ва 22 та бронза медаллари билан кучли учликни якунлади.
3 август куни катталар ўртасидаги баҳслар бошланди. Ушбу босқичда Осиёнинг энг кучли ва тажрибали полвонлари 8 та вазн тоифасида беллашишди. Бу кун ҳам юртдошларимиз учун юксак натижаларни тақдим этди — Ўзбекистон курашчилари 4 та олтин ва 2 та бронза медалига сазовор бўлишди.
4 август куни бўлиб ўтган финал беллашувлари эса чемпионатга чиройли ва шарафли нуқта қўйди. Катталар ўртасида яна 8 та вазн тоифасида ғолиблар аниқланди ва Ўзбекистон терма жамоаси яна 4 та олтин медални қўлга киритди.
Шу тариқа, юртдошларимиз умумий ҳисобда 53 та медалга эга бўлди: 45 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза. Бу натижа мамлакатимизнинг курашдаги мутлақ устунлигини яна бир бор дунёга намойиш қилди.
Иккинчи ўринга Ветнам терма жамоаси сазовор бўлди — улар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан мусобақани якунлашди. Ҳиндистон эса 2 та олтин, 12 та кумуш ва 27 та бронза, яъни жами 41 та медал билан кучли учликка кирди.
Шунингдек, Тожикистон, Эрон, Жанубий Корея, Малайзия, Қирғизистон каби 14 та давлатнинг спортчилари ҳам Осиё чемпионати медаллари билан ватанларига қайтишди.
Шубҳасиз, ушбу зафарли натижалар нафақат кураш ишқибозларини, балки бутун юртдошларимизни ғурурга тўлдирди. Бу ютуқлар яна бир бор исботлади — кураш нафақат миллий спортимиз, балки юртимизнинг дунёга танитувчи шарафли брендига айланмоқда.