date

Ҳусановнинг янги мавсумдаги имкониятлари: “Манчестер Сити”да рақобат ва ишонч

Ҳусановнинг янги мавсумдаги имкониятлари: “Манчестер Сити”да рақобат ва ишонч

Европа футболида ҳар бир мавсум олдидан трансферлар ва таркибдаги янгиликлар мухлислар учун алоҳида қизиқиш уйғотади, деб ёзади manchestereveningnews.co.uk. Бу сафар эътибор марказида Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ва ўзбекистонлик ёш марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов.

Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола клуб раҳбариятига ортиқча футболчиларнинг таркибда кўпайиши иш жараёнини қийинлаштираётганини, айрим ўйинчилар захирада қолиб кетаётганини таъкидлаб, таркибни қисқартириш кераклигини айтган эди. Яна бир муҳим ўзгариш – янги спорт директори Уго Виана чиқиш трансферларига жиддий эътибор қарата бошлади.

Сўнгги янгиликларга кўра, марказий ҳимоядаги асосий рақобатчи Витор Рейс “Жирона”га ижарага йўл олди. Бу ҳолат “Манчестер Сити” Ҳусановни янги мавсум учун жамоада олиб қолиш ниятида эканини кўрсатади. Ҳимоя марказидаги ушбу икки футболчи қишда катта маблағ эвазига харид қилинган, истиқболли ёшлар сифатида асосий таркибда ўйнашлари кутилган эди.

Бироқ, ўтган мавсумда жамоада ҳимоячилар жароҳатларига боғлиқ жиддий муаммо юзага келди ва Абдуқодир Ҳусанов тайёргарликсиз ҳолда асосий жангларга ташланган эди. Барибир, Ҳусанов вазиятга тез мослашиб, февраль ойида жамоанинг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилди. Англия Премьер-лигасида ва Европа Чемпионлар лигасидаги ўйинларда, хусусан, “Сантьяго Бернабеу”даги “Реал”га қарши учрашувда ҳам юқори даражада ҳаракат қилди.

Хосеп Гвардиола ўз фикрида Ҳусановнинг содда, камтар ва интизомли йигит эканини, айнан шу хусусиятлари унга ёққанини айтди. 21 ёшли легионер ўзбек футболи тарихида Премьер-лигада ҳаракат қилган илк футболчига айланди.

Ёздаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса Ҳусановга кутилганидек кўп имконият берилмади – фақат бир ўйинда майдонга тушди, Рейс эса бироз кўпроқ ҳаракат қилди. Шунингдек, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш мақсадида Райан Айт-Нури харид қилинди ва Йошко Гвардиол ҳимоя марказига қайтадиган бўлди. Бир пайтлар Ҳусановнинг ижарага кетиши ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди, аммо эндиликда Витор Рейс таркибни тарк этмоқда.

Клуб раҳбарияти Европа Чемпионлар лигаси учун легионерлар лимитини тўғрилаш мақсадида айрим футболчиларни жамоадан чиқариш йўлини танлади. Бу ҳолат, айниқса, Ҳусановнинг янги мавсумда асосий таркибда ўз ўрни учун курашиш имкониятини оширади.

Йошко Гвардиолдан ташқари, марказий ҳимояда Рубен Диаш, Жон Стоунз, Натан Аке ва Мануэль Аканжи каби кучли рақобатчилар бор. Бироқ, Ҳусанов асосий таркиб учун ҳамон жиддий даъвогар ва ёш бўлишига қарамай, мураббийлар ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда.

Жамоада мавқеи ўзгарган яна бир футболчи – Жахмай Симпсон-Пьюзи, у Шотландиянинг “Селтик” клубига ижарага жўнатилди. Бу қарор “Манчестер Сити”да ортиқча ўйинчилардан аста-секин қутулиш йўлини танланганини кўрсатади.

Якунлаб айтганда, Абдуқодир Ҳусанов учун янги мавсум – янада катта имкониятлар, асосий таркиб учун жиддий рақобат ва мураббий ишончини оқлаш синови бўлади. Мухлислар эса ўзбек легионерининг янги тарихий қадамларини интиқлик билан кузатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановнинг янги мавсумдаги имкониятлари: “Манчестер Сити”да рақобат ва ишонч