date

Осиё чемпионатида финал учун 12 ёш боксчимиз рингга чиқади

Осиё чемпионатида финал учун 12 ёш боксчимиз рингга чиқади

30 июлдан 12 августга қадар бокс мухлислари учун муҳим ва интиқлик билан кутилган мусобақа — Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё чемпионати қизғин паллага кирди. Унда 22 ёшгача бўлган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги беллашувлар давом этмоқда, деб хабар берди Ўбекистон бокс федерацияси.

Бугунги кун — Ўзбекистон бокс терма жамоаси учун алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби, U-19 жамоамиз сафидан жами 12 нафар иқтидорли ёш спортчи финал йўлланмаси учун жон куйдиради. Улар орасида ҳам йигитлар, ҳам қизлар бор. Бу боксчиларимиз ҳар бири ўз тоифасида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, чемпионлик сари илдам қадам ташлашни мақсад қилган.

Қуйида уларнинг жуфтликлари ва рақиблари рўйхати билан танишинг:

-48 кг вазн тоифасида: Мафтуна Мусурмонова ўзини Вьетнам номидан иштирок этаётган Тҳао Тҳан Лусга қарши синовдан ўтказади.

-60 кг да: Севара Маматова Қозоғистон вакили Алина Кудайгеновага қарши кураш олиб боради.

-70 кг да: Райҳона Қурбонбоева Қирғизистонлик Зарина Асанова билан куч синашади.

-75 кг: Мафтуна Янгиева Хитой боксчиси Тонгтонг Гуга қарши рингга чиқади.

-80 кг: Рухшона Парпиева Қозоғистондан Куралай Егинбайқизи билан руқобатлашади.

Йигитларимиздан эса:

-60 кг: Абдураҳмон Маҳмуджонов Қозоғистонлик Тортубек Адилетга қарши ғалаба учун жанг қилади.

-65 кг: Жаҳонгир Зайниддинов Хитой вакили Юҳенг Лига қарши рингга кўтарилади.

-70 кг: Абдулазиз Жўрақулов эса Эрон боксчиси Моҳаммад Салеҳ Роозбаҳани билан тўқнаш келади.

-75 кг: Муҳаммаджон Яқупбоев Қирғизистон номидан қатнашувчи Усмон Капаровга қарши кураш олиб боради.

-80 кг: Норбек Абдуллаев Жанубий Кореядан Ҳеон-Сеунг Жеонгни мағлуб этиш ниятида.

-85 кг: Самир Собиров яна бир Жанубий Корея вакили — Дамҳеон Парк билан рингда юзма-юз келади.

+90 кг: Ислам Салиҳов Эронлик Аббас Гаршасбига қарши куч синашади.

Айни пайтда, қизиқарли жиҳатлардан бири шундаки, +80 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Собирахон Шаҳобиддинова қуръа асосида тўғридан-тўғри финал йўлланмасини қўлга киритган. Бу унинг салоҳияти ва рейтингдаги юксак ўрнини тасдиқлайди.

Мазкур мусобақадаги иштироки орқали ёш боксчиларимиз нафақат шахсий ютуқларга эришиш, балки бутун мамлакат шарафини халқаро миқёсда намоён этиш имконига эга бўладилар. Ҳар бир рингдаги юриш, ҳар бир зарба ортида минглаб юртдошларимизнинг дуоси ва ишончи турибди.

Финал йўлланмаси учун кечадиган бу беллашувлар фақат спорт нуқтаи назаридан эмас, балки миллий ифтихор нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга. Мухлислар эса кўз тикиб, боксчиларимиздан ғалаба ва чиройли жанглар кутишмоқда.

Яқин кунларда Бангкок рингларида юксак натижаларни кутамиз. Уларга омад тилаймиз!

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё чемпионатида финал учун 12 ёш боксчимиз рингга чиқади