
Туркия футболида кутилмаган можаро авж олди — мамлакат Футбол Федерацияси ўтказган ички текширув натижалари бутун спорт жамоатчилигини ларзага солди, деб хабар берди Daily Sabah.
Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда ўтказилган кенг қамровли сўров ва молиявий таҳлиллар натижасида Туркияда фаолият юритаётган футбол ҳакамларининг 65 фоизи букмекерлик платформаларида шахсий ҳисоб рақамларига эга экани аниқланган.
Бу билан иш тугамади — ўрганишлар шуни кўрсатдики, уларнинг камида 152 нафари фаол равишда қимор ўйнашда қатнашиб келган. Бошқача айтганда, ҳар тўрт ҳакамдан бири спортга оид пул тикув операцияларида иштирок этган.
Бу ҳолат нафақат ички мусобақалар, балки бутун турк футболи обрўсига жиддий соя ташлади. ФИФА ва УЕФА қоидаларига кўра, футбол ҳакамларига букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш мутлақо ман этилади. Ушбу талабни бузган шахслар нафақат лавозимидан умрбод четлаштирилиши, балки жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.
Туркия Футбол Федерацияси раҳбарияти бу ҳолатни “системавий хато” сифатида баҳолади ва фавқулодда йиғилиш чақирди. Федерация маълум қилишича, айрим ҳакамлар ўз ҳисоб рақамларидан “пари тикмаганини, балки статистика ёки янгиликлар кузатиш мақсадида рўйхатдан ўтганини” таъкидлаган. Бироқ текширув натижаларида бундай баҳоналар асоссиз деб топилган.
Федерациянинг интизом қўмитаси ҳозирда барча иштирокчиларга нисбатан алоҳида сўров ўтказмоқда. Жиноий элементлар аниқланган тақдирда, иш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши айтилди.
Мамлакатдаги футбол мухлислари ва экспертлар эса бу ҳолатдан қаттиқ норози. Улар таъкидламоқда: ҳакамларга ишонч сўнгги йилларда шундай ҳам пасайган эди, энди эса вазият бутунлай ёмонлашди.
Мавжуд муаммо феврал ойида ҳам яққол кўзга ташланганди — ўшанда Туркия Суперлигасининг энг муҳим баҳсларидан бири, “Галатасарой” ва “Фенербаҳче” ўртасидаги дербига маҳаллий ҳакам эмас, балки Нидерландиядан тажрибали рефери Дэнни Маккели жалб этилганди.
Бу қарор ўша пайтда ҳам “ҳакамлик тизимига ишонч қолмаганини” англатувчи очиқ ишора сифатида баҳоланганди. Энди эса ички текширув натижалари бу ишончсизликнинг асосли эканини тасдиқлагандай бўлди.
Туркия Футбол Федерацияси яқин ҳафталарда ҳакамлик тизимини тубдан янгилаш режасини тақдим этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ёш ҳакамлар учун махсус “ахлоқ ва одоб кодекси” жорий этилиши, қиморбозликка қарши қатъий ички назорат механизми ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Футбол таҳлилчилари таъкидламоқда — бу фақат Туркия эмас, балки дунё футболи учун ҳам огоҳлантирувчи занжир бўлиши керак. Чунки ҳакамнинг холислиги — ўйин натижасидан ҳам муҳим, унинг софлиги эса бутун спортнинг келажагини белгилайди.