date

«Шўртан» драматик ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани илиб кетди...

«Шўртан» драматик ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани илиб кетди...

Суперлига 27-турида Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси ўз майдонида Олмалиқнинг ОКМК клубини қабул қилди ва мухлислар кўпдан кутган ғалабани тантана қилди. Узоқ вақтдан буён иккинчи даврада зафар кўрмаган ғузорликлар бу сафар мухлисларини хурсанд этишди — ҳисоб 4:3.

Учрашув бошланишиданоқ кураш юқори темпда кечди. Биринчи бўлиб меҳмонлар ҳисобни очди — 39-дақиқада Хуршид Ғиёсовнинг аниқ зарбаси ОКМКни олдинга олиб чиқди. Бироқ танаффусдан кейин «Шўртан» бутунлай бошқача руҳда майдонга қайтди. 49-дақиқада Пўлатхўжа Холдорхонов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди.

Футболчи бунинг ортидан ҳам курашни тўхтатмади — 57-дақиқада у пенальтини аниқ амалга ошириб, дублни расмийлаштирди ва жамоасини олдинга олиб чиқди. 70-дақиқада Абубакрризо Турдиалиевнинг ҳаракатидан кейин ҳисоб 3:1 бўлди. Бу пайтда «Шўртан» мухлислари ғалабани яқин деб ўйлашганди, аммо ўйин кутилмаган бурилиш олди.

84-дақиқада ОКМК захирасидан майдонга тушган Али Абдураҳмонов жамоасига умид уйғотувчи гол урди. Ҳисоб 3:2 бўлганидан сўнг олмалиқликлар ҳужумни кучайтирди. Ҳакам қўшиб берган дақиқаларда япониялик легионер Ноаки Сенага ҳисобни 3:3 қилди — ўйин драмага айланди.

Бироқ ғузорликлар таслим бўлишмади. Сўнгги лаҳзаларда, 90+9-дақиқада, Жасур Ҳакимовнинг аниқ зарбаси «Шўртан» учун зафарни таъминлади. Стадион бир дақиқага ларзага келди — мухлислар буни узоқ кутишган эди.

Шўртан – ОКМК 4:3
Голлар: Хуршид Ғиёсов, 39 (0:1), Пўлатхўжа Холдорхонов, 49 (1:1), Пўлатхўжа Холдорхонов, 57 пен (2:1), Абубакирризо Турдиалиев, 70 (3:1), Али Абдураҳмонов, 84 (3:2), Наоки Сенага, 90+2 (3:3), Жасур Ҳакимов, 90+9 (4:3).
Шўртан: 1. Шоҳруҳ Эшбўтаев, 4. Улуғбек Худойбердиев, 8. Абубакр Ризо Турдиалиев, 9. Пўлатхўжа Холдорхонов, 14. Аброрбек Тошқўзиев, 19. Нуриддин Ҳасанов (33. Бекжон Раҳматов, 46), 22. Сардор Саъдуллаев, 24. Дониёр Нарзуллаев, 55. Азиз Пирмуҳаммедов, 76. Ислом Кенжабоев, 88. Диёр Асомиддинов.
ОКМК: 35. Жавоҳир Илёсов, 5. Гиорги Папава (99. Асадбек Собиржонов, 66), 6. Аваз Ўлмасалиев, 7. Дилшод Аҳмадалиев, 8. Азиз Холмуродов, 10. Хуршид Ғиёсов, 15. Ойбек Рустамов, 18. Иброҳим Йўлдошев, 21. Саидафзал Ахроров, 28. Ариҳиро Сентоку (27. Али Абдураҳмонов, 66), 77. Нодир Абдураззоқов.

Бу ғалаба орқали «Шўртан» очколар сонини 15 тага етказди ва сўнгги турларга янгича руҳда кириб бормоқда. ОКМК эса 41 очко билан 6-ўринда қолди.

Ғузор жамоаси нафақат натижа, балки курашувчан руҳи билан ҳам мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди. Бу ғалаба жамоага ишонч, мухлисларга эса яна умид бахш этди — чунки футбол фақат рақамлар эмас, ҳиссиётлар, сабр ва охирги сониядаги ирода ҳақида ҳамдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Шўртан» драматик ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани илиб кетди...