
World Boxing ташкилоти 2025 йил давомида ўтказилган халқаро мусобақалар натижаларига кўра, олтин медал соҳиблари бўлган боксчиларнинг расмий рўйхатини эълон қилди. Ушбу рейтинг йил давомида World Boxing тасарруфидаги турнирларда энг юқори натижа қайд этган спортчилар асосида шакллантирилган.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон бокс мактаби яна бир бор ўзининг кучини намойиш этди. Рўйхатга киритилган спортчилар орасида Фазлиддин Эркинбоев ва Жавоҳир Умматалиев алоҳида ажралиб турибди. Ҳар икки боксчи йил давомида учтадан олтин медаль қўлга киритиб, 2025 йилни World Boxing турнирининг мутлақ етакчилари сифатида якунлади.
Рейтингда, шунингдек, бир қатор ўзбекистонлик боксчиларнинг номлари ҳам қайд этилган. Улар орасида Акмалжон Исроилов, Асадхўжа Муйдинхўжаев, Асилбек Жалилов, Жаҳонгир Зокиров, Турабек Ҳабибуллаев ва Абдумалик Халоков каби спортчилар бор. Бу ҳолат Ўзбекистон бокс мактаби халқаро майдонда барқарор ва тизимли равишда кучайиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Рўйхат халқаро тусга ҳам эга. Унда Бразилия, Ҳиндистон, Япония, Италия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар вакиллари ҳам бор. Масалан, Луиз Оливейра, Юри Рейс, Каин Рейс, Сабиржан Аккаликов, Сачин Сивач, Салваторе Аттратива, Шион Нишияма, Санжар Тошкенбай, Айбек Оралбай ва Бекзад Нурдаулетов каби боксчилар ўз мамлакатлари шарафини ҳимоя қилиб, олтин медалларга сазовор бўлишган.

Мутахассислар фикрича, ўзбекистонлик боксчиларнинг ушбу рўйхатда кўпчиликни ташкил этиши мамлакатда олимпия боксига берилаётган эътибор, мураббийлар мактаби ва ёшлар билан олиб борилаётган тизимли ишларнинг самарасидир. World Boxing мусобақаларидаги бу натижалар келгуси йирик стартлар олдидан ҳам катта ишонч бағишлайди.
2025 йил натижалари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон бокси халқаро аренадан ўз ўрнини мустаҳкамлаб, етакчи давлатлар қаторида қолишда давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.