
«Насаф» клуби ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев Германиянинг Мюнхен шаҳрида жарроҳлик амалиётини муваффақиятли тарзда ўтказди. Championat.asia манбаси хабар беришича, 23 ёшли футболчининг тиззасидаги операцияни Европа тиббиётида катта обрўга эга бўлган мутахассис — тиббиёт фанлари профессори, доктор Мирко Херборт амалга оширган.
Маълум қилинишича, жарроҳлик амалиёти режа асосида бажарилган бўлиб, футболчининг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Норчаевга тикланиш жараёни учун аниқ дастур белгиланган. У тахминан 8 ҳафтадан кейин реабилитация босқичига ўтади.
Шифокорлар хулосасига кўра, ҳужумчи тахминан 3 ойдан сўнг тўлиқ машғулотларга қайтиши ва майдонда қайта ҳаракат қилиш имконига эга бўлади. Мутахассислар операцияни айнан ҳозир амалга ошириш орқали Норчаевнинг Жаҳон чемпионатига қадар тўлиқ спорт формасига кириб олишини мақсад қилган.
Қайд этиш жоизки, доктор Мирко Херборт аввалроқ ҳам ўзбекистонлик футболчилар билан ишлаган. Жумладан, у Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган Диёр Холматов ва Муҳаммадрасул Абдумажидовнинг ҳам муваффақиятли операцияларини амалга оширган эди.
Мухлислар эса Ҳусайн Норчаевнинг тезроқ соғайиб, яна «Насаф» ҳужумида ўз сўзини айтишига ишонч билдирмоқда. Футболчининг иродаси ва тўғри реабилитация режаси уни яна кучлироқ қайтишга ундайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.