
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов фаолиятида муҳим ўрин тутган "Ростов" клуби яқин келажакда ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда ишончли манбаларга таяниб, машҳур инсайдер Иван Карпов хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, клубда Россия Премьер-лигаси мавсумининг иккинчи қисми олдидан қишки йиғинларни ташкил этиш учун ҳам етарли молиявий имконият қолмаган. Айтилишича, “Ростов”нинг жорий қарздорлиги 4–5 миллиард рублгача етиб борган. Энг хавотирли жиҳат — футболчилар бир неча ойдан бери маош олмаяпти: айрим ўйинчилар октябрдан, бошқалари эса ҳатто сентябр ойидан буён ойликларсиз қолган.
Мутахассислар фикрича, ҳатто клуб қандайдир йўл билан жорий мавсумни охиригача етказиб олса ҳам, келаси — 2026/27 йилги мавсумда иштирок этиш учун зарур бўлган РФС-1 лицензиясини қўлга киритиш имконияти жуда паст. Бу эса жамоанинг келажаги мутлақо мавҳум эканини кўрсатади.
Қишки танаффус олдидан Россия Премьер-лигаси турнир жадвалида “Ростов” 21 очко билан 11-ўринни эгаллаб турибди. Спорт натижалари ёмон эмасдек кўринса-да, молиявий муаммолар клубни жиддий инқироз сари етаклаяпти.
Маълумот ўрнида, Элдор Шомуродов 2020 йилда айнан “Ростов”дан Италиянинг "Женоа" жамоасига 9,5 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди. Ўша трансфер клуб тарихидаги энг йирик келишувлардан бири сифатида қайд этилган.
Айни пайтда эса “Ростов” атрофидаги вазият нафақат мухлисларни, балки бутун Россия футболи жамоатчилигини ҳам жиддий ўйлантирмоқда. Клуб тақдири яқин ойларда ҳал бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.