date

«Сан Сиро»да кутилмаган совуқ душ: "Парма" "Милан"ни енгди (видео)

«Сан Сиро»да кутилмаган совуқ душ: "Парма" "Милан"ни енгди (видео)

Италия чемпионатининг 26-турида «Милан» ўз майдонида «Парма»ни қабул қилди ва, ростини айтганда, кўпчилик кутган сценарий умуман чиқмади. «Сан-Сиро»даги баҳс «россонери» учун оғир кечди: Аллегри шогирдлари якунда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, қўлга киритилиши мумкин бўлган очколарни қўлдан чиқарди.

Эътиборлиси, «Милан» А Серияда август ойидан буён мағлубият деган нарсани унутиб келаётганди. 24 та ўйинлик “мағлубиятсиз серия” — бу шунчаки статистика эмас, бу жамоанинг характери, ишончи ва барқарорлиги эди. Аммо футболда бир лаҳза ҳамма нарсани ағдариб ташлаши мумкин — бу сафар ҳам худди шундай бўлди.

Учрашув давомида «Милан» тўпни кўпроқ назорат қилди, ҳужумларга чиқди, имкониятлар излади. Лекин ҳал қилувчи зарба — аниқлик ва сўнгги қарорлар масаласида муаммо сезилди. Гол уролмасанг, футбол сени кечирмайди — айниқса, рақиб бир имкониятни олса-ю, уни совуққонлик билан голга айлантирса.

Шундай бўлди ҳам: 80-дақиқада Троило ўз имкониятини қўлдан чиқармади ва «Парма»ни олдинга олиб чиқди. Қолган вақтда «Милан» босимни кучайтирди, аммо ҳисобни ўзгартиришга улгурмади. «Сан-Сиро»даги мухлислар учун бу — “қайси фильмни кўряпмиз ўзи?” дегандек ҳолат.

Бу мағлубиятдан кейин «Милан» 54 очко билан 2-ўринда қолди. Энди пешқадам «Интер» (64) билан оралиқ 10 очкога чиқди — чемпионлик пойгасида бу жуда жиддий сигнал. «Парма» эса 32 очкога етди ва 12-поғонада ўзини анча ишончли ҳис қила бошлади.

А Серия. 26-тур
Милан — Парма 0:1
22 феврал, «Сан-Сиро»
Гол: Троило (80).

Милан — Менян, Томори (Атекаме, 85), Габбиа, Бартесаги, Салемакерс, Лофтус-Чик (Яшари 11, Нкунку 85), Модрич, Рабио, Эступинан (Павлович, 62), Леау, Пулишич (Фуллкруг, 62).
Парма — Корви, Делпрато, Троило, Валенти, Бритcжи, Бернабе (Николусси, 60), Кейта, Ордонез (Серенсен, 59), Валери, Стрефецца (Ондрейка, 76), Пеллегрино (Эстевес, 90+3).
Огоҳлантиришлар: Салемакерс (32), Троило (48), Леау (52).

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » «Сан Сиро»да кутилмаган совуқ душ: "Парма" "Милан"ни енгди (видео)