date

Осиё Кубоги вақтида Эрон терма жамоаси аъзолари қочиб кетди

Осиё Кубоги вақтида Эрон терма жамоаси аъзолари қочиб кетди

Австралияда бўлиб ўтаётган аёллар ўртасидаги Осиё Кубоги мусобақаси кутилмаган ва шов-шувли воқеа билан ёдда қоладиган бўлди. Мусобақада иштирок этган Эрон аёллар терма жамоасининг 5 нафар аъзоси жамоа жойлашган меҳмонхонани тарк этиб, ғойиб бўлди. Маълум бўлишича, ушбу спортчилар жамоанинг душанба кунги кечки овқатига келишмаган ва уларнинг қаердалиги номаълум бўлиб қолган эди. Кейинчалик аниқланишича, футболчи қизлар маҳаллий полиция ёрдамида хавфсиз жойга кўчирилган ва ҳозирда улар Австралия федерал полицияси назорати остидаги махсус бошпанада сақланмоқда.

Ушбу воқеа ортидан жиддий сиёсий ва спортга оид баҳслар келиб чиқди. Эрон терма жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинида Филиппин терма жамоасига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди. Бироқ, жамоанинг ўртага қайтиши билан боғлиқ жараёнлар мураккаблашди. Аввалроқ Эрон давлат телевидениеси бошловчиси Муҳаммад Ризо Шаҳбозий миллий мадҳияни куйлашдан бош тортган футболчи қизларни кескин танқид қилиб, уларга нисбатан қаттиққўл бўлиш кераклигини айтган эди. Ушбу таҳдидли баёнотдан сўнг, профессионал футболчилар касаба уюшмаси ҳисобланган "FIFPro" ташкилоти FIFA ва Осиё футбол конфедерациясига мурожаат қилиб, қизларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб қилган эди.

Айни дамда халқаро ташкилотлар ҳамда Австралия ҳукумати вазиятни назоратга олган. "The Athletic" нашрининг хабарига кўра, томонлар Эрон аёллар терма жамоасининг мамлакатда қолиш муддатини узайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Ҳозирча бутун жамоа учун қайтиш рейси банд қилинмаган. FIFA ва Осиё футбол конфедерацияси спортчиларнинг хавфсизлигини кафолатлаш учун барча чораларни кўрмоқда. Эронлик футболчиларнинг бу қадами уларнинг ватанидаги сиёсий босим ва хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар натижаси экани тахмин қилинмоқда. Воқеалар ривожи халқаро ҳамжамият диққат марказида қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубоги вақтида Эрон терма жамоаси аъзолари қочиб кетди