Жавоҳир Синдаровнинг мураббийи жаҳон чемпионлиги режасини очиқлади

Жавоҳир Синдаровнинг мураббийи жаҳон чемпионлиги режасини очиқлади
Қисқача

Жавоҳир Синдаровнинг мураббийи Роман Видоняк шогирди учун тўрт босқичли стратегик режа тузилганини маълум қилди. Номзодлар турниридаги ғалабадан сўнг, эндиги асосий мақсад жаҳон чемпионлиги учун курашиш ва рейтингни 2800 даражасига кўтаришдир. Бунга эришиш учун тизимли амалий машғулотлар ва камида икки йиллик жиддий меҳнат талаб этилади.

Фото: Niki Riga / FIDE

Жавоҳир Синдаровнинг мураббийи Роман Видоняк Номзодлар турниридаги ғалабадан сўнг шогирдининг келажак режалари ҳақида батафсил фикр билдирди.

Жавоҳир Синдаровнинг мураббийи жаҳон чемпионлиги режасини очиқлади

Фoтo: UzChess

Унинг айтишича, бу натижа ҳали йўлнинг бошланиши ҳисобланади. Жамоа олдида тўрт босқичдан иборат узоқ муддатли мақсадлар қўйилган бўлиб, ҳозирча уларнинг иккинчиси муваффақиятли якунланган:

- "Бу ҳали энг катта натижа эмас. Биз режамиздаги тўрт босқичдан фақат иккинчисини якунладик", — дейди Видоняк.

Биринчи босқич Номзодлар турнирига чиқиш бўлган бўлса, иккинчиси унинг ғолибига айланиш эди. Энди асосий вазифа — жаҳон чемпионлиги учун кураш босқичига тайёргарлик кўриш:

- "Биринчиси Номзодлар турнирига чиқиш эди. Иккинчиси эса уни ютиш. Буни уддаладик. Энди навбат учинчи босқичга — жаҳон чемпионлиги учун баҳсга", — дейди Видоняк.

Видонякнинг таъкидлашича, энг мураккаб босқич — 2800 рейтинг даражасига чиқиш ва элита турнирларда барқарор устунлик қилиш ҳисобланади. У бу даражадаги натижаларни илгари Гарри Каспаров ва Магнус Карлсен каби афсоналар амалга оширганини эслатиб ўтди:

- "Энг қийини эса тўртинчи босқич бўлади: 2800 даражасига чиқиб, турнирларда доимий устунлик қилиш. Буни ўз вақтида Гарри Каспаров ва Магнус Карлсен уддалаган", — дейди Видоняк.

Мураббийнинг сўзларига кўра, бу мақсадга етиш учун камида икки йил жиддий меҳнат талаб этилади. У Синдаров ҳали тўлиқ шаклланиш жараёнида эканини ҳам қайд этди:

- "Бунинг учун камида икки йил жиддий ишлашимиз керак бўлади. Улар (Каспаров ва Карлсен) бу ёшда аллақачон тайёр эди, биз эса ҳали ҳам устимизда ишлаяпмиз", — дейди Видоняк.

Тайёргарлик жараёнида бир йил ичида 9 та ўқув йиғини ўтказилган бўлиб, улар асосан Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтган ва ҳар бири 10–14 кун давом этган:

- "Тайёргарлик? Бир йил ичида 9 та йиғин ўтказдик. Улар асосан Мюнхенда бўлиб, ҳар бири 10-14 кун давом этди", — дейди Видоняк.

Иш жараёнида компьютер таҳлили эмас, балки шахмат тахтаси устида амалий машғулотлар устувор экани таъкидланди. Шу орқали турли мавзулар бўйича 40 мингга яқин машқлар бажарилган:

- "Шунингдек, биз одатда компютерсиз — шахмат тахтаси олдида ишлаймиз. Турли мавзулар бўйича тизимли тарзда мен тузган 40 мингга яқин машқларни бажарамиз. Мақсад — ўйинчининг фикрлашини ривожлантириш", — дейди Видоняк.

Видонякнинг фикрича, асосий мақсад — шахматчининг фикрлаш тезлиги ва стратегик кўникмаларини ривожлантириш. Бу эса келажакда жаҳон шахматида юқори натижаларга эришиш учун асос бўлиб хизмат қилади:

- "Мақсад — ўйинчининг фикрлашини ривожлантириш", — дейди Видоняк UzChess'га.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар