«Ювентус» Бернарду Силва учун расмий таклиф тайёрлади

Туриннинг "Ювентус" клуби "Ман Сити" ярим ҳимоячиси Бернардо Силва учун расмий таклиф юборишга ҳозирлик кўрмоқда. Португалиялик юлдуз жорий мавсум якунида эркин агентга айланади. "Бянконерилар" футболчи учун курашда асосий рақобатчиси "Барселона"ни ортда қолдириш мақсадида тезкор ҳаракат қилишни режалаштирган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
"Ла Газзетта делло Спорт" нашри хабарига кўра, "Ювентус" Силвани ўзининг асосий мақсади сифатида белгилаб олган. Футболчининг ўзи ҳозирча трансфер миш-мишларидан масофани сақламоқда. У "Ман Сити" билан мавсум якунида янги соврунларни қўлга киритишга эътибор қаратган бўлса-да, Туринга кўчиб ўтишга қарши эмаслигини билдирган.

"Ювентус" раҳбарияти 31 ёшли футболчини жамоа ўйинини шакллантиришда муҳим бўғин деб ҳисобламоқда. Бироқ туринликлар бу пойгада ёлғиз эмас. "Барселона" узоқ вақтдан бери Силвага қизиқиш билдириб келмоқда. Шунингдек, "Бенфика" ва "Галатасарой" каби клублар ҳам вазиятни кузатиб бормоқда.
Трансфер жараёнида машҳур агент Хорхе Мендес муҳим рол ўйнамоқда. "Ювентус" раҳбарияти Мендес билан доимий алоқада бўлиб, келишувнинг молиявий жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Силва "Ман Сити" сафида 2017 йилдан буён тўп суриб, жами 19 та соврунни қўлга киритган ва клуб афсонасига айланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!