Бруно Фернандес Португалия билан 2026 йилги ЖЧда ғолиб чиқишни мақсад қилди

«Манчестер Юнайтед» сардори Бруно Фернандес 2026 йилги жаҳон чемпионатида Португалия терма жамоаси билан ғалаба қозонишни мақсад қилган. Ярим ҳимоячи ушбу совринни Криштиану Роналдонинг афсонавий фаолияти учун муносиб мукофот деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Фернандес 41 ёшли ҳужумчининг халқаро майдондаги фаолияти энг юқори нуқтада якунланишини истайди. Беш карра «Олтин тўп» соҳиби учун АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган турнир фаолиятидаги сўнгги имконият бўлиши кутилмоқда.

«Мен мамлакатим билан фахрланиш учун бор кучимни ишга соламан. Криштиану билан сўнгги мундиалда ғолиб чиқиш ажойиб бўларди.
Бу нафақат Португалия, балки Роналдонинг футболга берган барча нарсаси учун ҳам муҳим», — деди Фернандес.

Ҳозирда «Ал-Насср» сафида тўп сураётган Роналдо терма жамоа таркибида 143 та гол уриб, жаҳон рекордини ўрнатган. Роберто Мартинес бошчилигидаги жамоа 2026 йилги турнирнинг гуруҳ босқичида Конго DR, Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Клубдаги келажаги ҳақида гапирганда, «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти Фернандесни сотмаслигини маълум қилди. Ўтган мавсумда 18 та голли узатмани амалга оширган сардор жамоанинг янги лойиҳасида асосий фигура бўлиб қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!