Ўзбекистонлик футболчилар учун Туркия Суперлигасида катта ўзгариш кутилмоқда

Ўзбекистонлик футболчилар учун Туркия Суперлигасида катта ўзгариш кутилмоқда
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Туркий давлатлар фуқароси бўлган футболчилар, жумладан ўзбекистонликлар, Туркия Суперлигасида маҳаллий ўйинчилар мақомида майдонга тушишлари мумкин.
  • Бу ташаббус Туркия ҳукуматидаги Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари Кюршад Зорлу томонидан расман илгари сурилган ва ТФФ билан музокаралар олиб борилмоқда.
  • Лойиҳа 200 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган туркий ҳудудда ёш истеъдодларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.

Туркий давлатлар, жумладан Ўзбекистон фуқароси бўлган футболчилар яқин келажакда Туркия Суперлигасида легионер сифатида эмас, балки маҳаллий турк ўйинчилари мақомида майдонга тушиши мумкин. Туркиянинг нуфузли TRT Haber нашри берган хабарга кўра, мазкур масала давлат ва футбол ташкилотлари даражасида жиддий муҳокама қилинмоқда.

Туркия ҳукуматидаги Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) раиси ўринбосари Кюршад Зорлу туркий дунёдан келаётган спортчиларнинг ҳуқуқий мақомини қайта кўриб чиқиш бўйича расмий ташаббус билан чиққанини тасдиқлади.

ТФФ билан музокаралар ва 200 миллионлик туркий макон

Мазкур лойиҳа шунчаки қоидаларни ўзгартириш эмас, балки туркий халқлар ўртасидаги футбол интеграциясини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган:

  • Федерация билан учрашув: Кюршад Зорлунинг маълум қилишича, туркий давлатлардан келган ўйинчиларнинг мақомини расман ўзгартириш бўйича амалий қадамлар бошлаб юборилган ва Туркия футбол федерацияси (ТФФ) президенти билан музокаралар ўтказилган;

  • Ёш истеъдодларни кашф этиш: «Бу фақат мақомни ўзгартириш билан чекланиб қолмайди. Лойиҳани охирига етказсак, 200 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан туркий ҳудудда минглаб ёш истеъдодларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш имконияти очилади»;

  • Халқаро мусобақалардаги натижалар: Ёшларни маҳаллий академияларда тарбиялаб, жаҳон чемпионатлари, қитъа биринчиликлари ва бошқа нуфузли халқаро турнирларда миллий терма жамоаларнинг рақобатбардошлигини ошириш кўзда тутилган.

Ўзбекистонлик юлдузлар Туркия Суперлигасида: Бу қарор уларга қандай таъсир қилади?

Агар мазкур ташаббус расман кучга кирса, Туркия клубларида ўзбекистонлик чарм тўп усталарига бўлган талаб кескин ортади ва улар лимит чекловларидан озод бўлади. Айни пайтда Суперлигада уч нафар етакчи футболчимиз тўп сурмоқда:

  • Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев: Ҳар икки ҳужумкор юлдуз «Истанбул Башакшеҳир» шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Шомуродов ўтган мавсумда чемпионатда 22 та гол уриб, Туркия Суперлигасининг энг яхши тўпурарига айланган эди;

  • Ҳусниддин Алиқулов: Ишончли марказий ҳимоячи 2023 йилдан буён мунтазам равишда «Ризеспор» асосий таркибида барқарор ҳаракат қилиб келмоқда.

Маҳаллий ўйинчи мақомининг берилиши ўзбекистонлик иқтидорларнинг Туркия орқали Европанинг етакчи клубларига йўл олишини янада осонлаштириши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар