22:30 / 27.01.2020
2 556

Европада қишки трансферларнинг сўнгги ҳафтасидаги 10та асосий интрига

Европада қишки трансферларнинг сўнгги ҳафтасидаги 10та асосий интрига
Европада қишки трансферлар якунига етмоқда. 31 январь куни кучли бешлик чемпионатларида трансферлар даричаси ёпилади.

Авваллари қандай бўлган?
Қайд этиш керакки, Европада январь ойидаги трансферлар — ҳамиша ҳам ёдда қоларли трансферлар бўла олмайди. Қишда катта трансферлар амалга оширилиши — кам учрайдиган ҳолат. Албатта, истиснолар ҳам бўлади. Масалан, 2011 йил январида «Челси» «Ливерпуль»дан Фернандо Торресни 50 миллион фунтга (58,5 миллион евро) сотиб олганди — ўшанда бу инглиз клублари учун рекорд бўлган, футбол тарихида эса 6-ўринда қайд этилганди.

Аммо, масалан, ўтган йилда АПЛда қишдаги энг йирик трансфер Мигель Альмироннинг «Атланта»дан (Италиянинг «Аталанта»си эмас) «Ньюкасл»га 20 миллион фунтга ўтгани бўлганди. Бу 8 йилдаги инфляция даражаси ва иккита кўпмиллиардли телешартномалар туфайли Англия клубларининг даромадлари ўсиши эвазига бўлганди. Шунингдек, «Лестер» «Монако»дан Юри Тилемансни сафига қўшиб олган, «МЮ» Марвон Феллайнини Хитойга жўнатган эди.

2019 йил январида АПЛ клублари янги харидлар учун жами 191 миллион евро сарфлашган, бу пуллар атиги 29 футболчи учун сарфланганди. Таққослаш учун, 2018 йил ёзида инглиз клубларининг трансферлар учун умумий харажати қарийб бир ярим миллиард еврога етганди — 1,421.

Шунга ўхшаш ҳолат бошқа топ-чемпионатларда ҳам кузатилади. Испаниядаги клублар 2019 йил январида янги футболчилар учун жами 72,8 миллион евро (35 трансфер сарфлаган). Италияда — 146 миллион евро (29та трансфер), бу маблағларнинг ярми «Милан» томонидан сарфланган, клуб Лукас Пакета ва Кшиштоф Пёнтек учун 38 миллион евродан тўлаганди. Германияда — 73,6 миллион евро (21та трансфер). Францияда — 86,7 миллион евро (33та трансфер), аммо бу маблағнинг қарийб ярми — Леандро Паредеснинг «Зенит»дан «ПСЖ»га трансфер бўлиши учун сарфланган, тўртдан бир қисми эса — лигани тарк этишдан қутулиб қолиш учун янги таркиб йиғишга киришган «Монако» ҳиссасига тўғри келган.

2020 йилги қишки трансферлар ойнасида ҳозирча жуда катта трансферлар бўлмади, аммо трансферларнинг сўнгги кунига қадар бунга умид сақланиб қолади.

«Барселона» Эриксенни ўзига оғдира оладими?

Фото: Stephen Pond/Getty Images
Кристиан Эриксен қишда «Тоттенҳэм»ни тарк этишига шубҳа йўқ. Даниялик футболчи ўтган йил ёзидаёқ клубдан кетишга ҳаракат қилган, аммо негадир клубдагилар уни олиб қолишганди. Аммо бундан ҳеч бир наф бўлмади – мавсумнинг биринчи қисмида ушбу яримҳимоячи клуб учун ўйнашни истамаётганини билдириб қўйди.

Айни вақтда Эриксенга асосий даъвогар – Миланнинг «Интер» клубидир. Италиядаги нуфузли La Gazzetta dello Sport нашри қора-кўклар даниялик футболчи трансферини 27 январь куни эълон қилиши, унинг трансфери итальянлар клубига 20 млн еврога тушиши ҳақида хабар тарқатди. Аммо Британиядаги яна бир ишончли нашр бўлмиш Sky Sports нашрининг тасдиқлашича, Эриксенни «Барселона» ўз сафига қўшиб олади.

«ПСЖ» Каванини қўйиб юборадими?

Фото: Xavier Laine/Getty Images
Уругвайлик форвард ҳозирча «ПСЖ» «турмасида чиримоқда». Парижликлар клуби Эдинсон Каванини захира ўриндиғига ўтирғизиб қўйишган ва на уни сотишга рози бўлишмоқда, на у билан шартномани узайтиришмоқда. Ҳолбуки футболчининг амалдаги шартномаси муддати шу йилнинг ёзида якунига етади.

«Улар футболчига нотўғри муносабатда бўлишмоқда, у «Пари Сен-Жермен» учун нималар қилганини ҳисобга олишмаяпти… Мен хафаман, улар жуда ёмон муносабатда», — дейди ҳужумчининг онаси.

Январь ойи бошида «Атлетико» форвард учун 10 млн евро таклиф қилганди, аммо «ПСЖ» рад этди – француз клуби босслари футболчига кўпроқ нарх берилишини кутишмоқда. Бир ҳафта олдин Эдисон учун курашга «Челси» ҳам қўшилди. Бундан ташқари, «Атлетико» ўз таклифини молиявий жиҳатдан яхшилади. Энди Кавани клуби раҳбариятининг очкўзлик ўрнига соғлом ақл билан қарор қабул қилишини кутмоқда.

Жиру қаёққа йўл олади?
Жаҳон чемпиони бўлган ушбу ҳужумчи Фрэнк Лэмпард жамоасида ҳатто иккинчи эмас, учинчи форвард бўлиб қолди. Лондон клубида Жиру деярли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти ва кетишни истамоқда. Ҳозирда ушбу француз учун «Бордо», «Астон Вилла» ва «Ювентус» клублари ҳам даъвогар бўлиб турибди. Аммо футболчи учун асосий даъвогар «Интер» ҳисобланади. Лэмпард ҳужумчини қўйиб юборишга қарши эмас, аммо маълум шартлар эвазига.

«Биз Оливье билан гаплашдик ва бир хулосага келдик, аммо келишувдан ҳамма рози бўлиши керак: футболчининг ўзи ҳам, мен ҳам, клуб ҳам, жамоадагилар ҳам. Кўрамиз бундан нима чиқаркин», — дейди англиялик мураббий.

Трансфер тақиқи ечилган «Челси» Чаловни сотиб оладими?
Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Спорт арбитраж суди (CAS) «Челси» учун трансфер тақиқини икки трансфер ойнасидан биттага туширди ва энди бу қишда «кўклар» янги футболчиларни харид қилиш имкониятига эга бўлишди. Лекин лондонликлар ҳозирча фақат Норвегия ёшлар жамоасининг 16 ёшли форварди Брайан Фьябемуни сафга қўшиб олган. Инглиз клуби Лэмпард ярим йилда қурган жамоага зарар етказиб қўймаслик учун трансфер бозорида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Жамоада позициялар бўйича яққол муаммолар йўқ – фақат муайян нуқталарни кучайтиришга зарурат бор.

Юқорида «Челси»нинг Каванига қизиқиши ҳақида ёзилди. Лондонликлар Санчо, Иско, Мертенс, Дембеле, Заа, Поуп ва ҳатто россиялик ҳужумчи Фёдор Чаловга ҳам қизиқишмоқда. Кўрамиз, бу футболчиларнинг қайси бири кўклар сафида пайдо бўлар экан.

«МЮ»да яна трансферлар барбод бўладими?
«Манчестер Юнайтед»нинг «Бёрнли»дан мағлубиятидан кейин манкунианликларнинг собиқ футболчиларидан бири Рио Фердинанд шундай деди: «Жамоага келган баъзи футболчиларга қараб шундай ўй келади: улар «МЮ»нинг ҳақиқий футболчиларими? Уларни ким сотиб олган – мураббий ёки клуб? Бу таркибни йиғиш учун 600 млн фунт сарфланди, лекин мавсумдаги энг яхши футболчилар клуб тарбияланувчилари бўлиб чиқмоқда. Бу шуни англатадики, бу таркибни йиққан одам ўз ишини тўғри бажармаган».

Чинданам «МЮ»нинг сўнгги беш йилдаги омадли трансферлари бир кафтдаги бармоқлар билан санагулик. «Қизил иблислар» тез-тез қимматбаҳо футболчиларни харид қилишади, лекин бу футболчилар сарфланган маблағларни оқлашмайди. Ҳозирда манкунианликлар нишонида «Спортинг» етакчиси Бруну Фернандеш, шунингдек жароҳат олиб сафдан чиққан Рэшфорд ўрнига Слимани («Монако») ва Игало (Хитой чемпионати) турибди.

«Барселона» ҳимоя чизиғи қандай ўзгаради?
Қишда «Барса» ҳимоясида жиддий ўзгаришлар кутилмоқда. Каталонияликлар бу мавсумда Примеронинг атиги 5 ўйинида майдонга тушган Самуэл Юмтитидан халос бўлишмоқчи (француз ҳимоячига «Арсенал», «МЮ» ва «Сити» каби клублар даъвогар), унинг ўрнига ёш ва истиқболли марказий ҳимоячи сотиб олиш режалаштирилган. Каталон клуби «Лейпциг»дан 21 ёшли Дайо Упамекано ва «Коритба»дан 17 ёшли Ян Коутони сотиб олишни режалаштиришган. Sport.es нашри маълумотига кўра, «Барса» бразил клуби билан ёш футболчи трансфер масаласини ҳал қилган. Аммо олдиндаги ҳафта ичида клуб ҳимоясини чиндан кучайтирадиган футболчи ҳам келадими?

Обамеянг «Арсенал»дан кетадими?

Фото: Julian Finney/Getty Images
Европада қишки трансферлар якунига 10 кун вақт қолганида Mundo Deportivo нашри «Барселона»нинг «Арсенал»нинг габонлик форвардига қизиқиши мавжудлиги ҳақидаги инсайдни тарқатди. Манба маълумотига кўра, каталонлар Обамеянгни оғир жароҳат туфайли узоқ вақтга сафдан чиққа Суаресга ўринбосар сифатида кўришмоқда. Кейинроқ нашр янада батафсил маълумот берди. Унга кўра, Обамеянг гўёки каталонлар сафига ўтишга розилик билдирган ва трансфер шу қишдаёқ амалга ошади. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқинлигини бир ҳафта ичида билиб оламиз.

«Сити» ҳимоясини ким кучайтиради?
АПЛ турнир жадвалида «Ливерпуль» ва «Сити» ўртасидаги улкан фарқ — нафақат Клопп жамоасининг ақлбовар қилмас ўйини туфайли, балки Манчестер клубидаги жиддий муаммолар туфайли ҳамдир. Гвардиолага марказий ҳимоячилар савияси халал бермоқда. Ҳозирда «Сити»да атиги 4 нафар номинал марказий ҳимоячи бор. Лекин уларнинг иккиси мавсумнинг асосий қисмида майдонга туша олишмади: Лапорт жароҳатланган, Гарсия эса топ-клубнинг асосий таркибида ўйнаш учун ҳали ёшлик қилади. Бундай вазиятда «шаҳарликлар» қишда биринчи навбатда ҳимоя чизиғини кучайтиришга ҳаракат қилишини кутиш мумкин. Ҳозирда «Манчестер Сити» «Лестер»даги Жонни Эванс ва Чағлар Суюнчига, «Барселона»даги Самуэль Юмтитига, «Лейпциг»даги Дайо Упамеканога ҳамда «Бенфика»даги Рубен Диашга қизиқмоқда.

Гётце ёзгача «Боруссия» Дортмундда қоладими?

Фото: Christian Kaspar-Bartke/Bongarts/Getty Images
Ёзда Марио Гётценинг шартномаси тугайди – «Боруссия» яримҳимоячига янги шартномага таклиф қилмоқда, аммо маоши камайгани учун футболчи бу шартномани рад этмоқда. Энди масала футболчи клубни қачон тарк этишида қолган — қишда маълум миқдордаги маблағ эвазига ёки ёзда эркин агент мақомида текинга. Марионинг хизматларига Бундеслиганинг «Ҳерта» ва «Кёльн» клублари қизиқмоқда.

«Милан» Пёнтек билан хайрлашадими?
Ибраҳимович «Милан»га қайтгунича ҳам Кшиштоф Пёнтек доим ҳам бошланғич таркибда тушавермаётганди, швед футболчиси келгач эса у майдонга тушишни тўхтатди. «Россонери»нинг А Серия доирасидаги учта ўйинда ҳам поляк ҳужумчи захира ўриндиғида ўтирди. «Кшиштоф шунчаки захира ўриндиғида ўтира олмайди, у Европа чемпионати арафасида яхши формада бўлишни истайди. У доимо ўйинларда қатнашишни истайди. Агар «Милан»да бунинг имкони бўлмаса, клубни алмаштиришга тайёр», — деган футболчининг отаси Владислав Пёнтек.

Ҳозирда форвардга қизиқиш билдирган «Манчестер Юнайтед», «Тоттенҳэм» ва «Атлетико» клубларига миланликлар клуби томонидан рад жавоби берилган. «Барчаси трансферлар ойнасининг сўнгги ҳафтасида ҳал бўлади», — дея ишонч билдирган футболчининг отаси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Европада қишки трансферларнинг сўнгги ҳафтасидаги 10та асосий интрига