Россия футболида ўзини кўрсатаётган марказий осиёлик футболчилардан бири, шубҳасиз, Бахтиёр Зайнутдиновдир. “Ростов”даги ўйинлари билан қисқа фурсатда етакчи клублар эътиборини қозонган қозоғистонлик футболчи ЦСКА таклифини қабул қилди.
Аслида бу футболчи биз учун бегона эмас. Ботиржон Зайнутдинов россиялик журналистларга ўғли Бахтиёр ҳақида қизиқарли маълумотларни ҳам айтиб берди. Эътиборингизга ушбу суҳбатнинг энг қизиқарли қисмларини ҳавола қиламиз.
Аждодларимиз Намангандан
Биз этник ўзбеклармиз. Лекин Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида туғилганмиз. Бобомнинг отаси бу ерларга Намангандан кўчиб келган. Ҳаётимиз футболга боғланган. Мен ўзим саломатлигим туфайли тўп тепмаганман. Шундай бўлса-да, ашаддий мухлисларданман. Ўғилларимнинг ҳаммаси футболчи. Тўнғич фарзандим Бобир 25 ёш ва дарвозабон бўлган. Жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини эрта тугатди. Шифокорлар шуни талаб қилишди. Ҳозир “Тараз” академиясида мураббий. Кенжа ўғлим Баҳром “Тараз” ўринбосарлари сафида ўйнайди. Ўртанчаси Бахтиёрни яхши танийсизлар.
Бахтиёр – бахтли дегани
Бахтиёр бахтли деган маънони англатади. Катта ўғлим Бобир кичиклигида уни исмини айтолмасдан “Батёк” дерди. Ҳозир ҳаммамиз уни Батёк, деб чақирамиз. Ҳатто 76 ёшли бувиси ҳам. Болалиги ўрта ҳол оилада ўтган. Мен “Газель”да қурилиш молларини ташийман, аёлим поликлиникада ҳамшира. Катта ўғлим спортмактабга борганида Бахтиёр унга қўшилиб олган. Мураббий ноилож уни беш ёш катта болалар билан шуғуллантиришга мажбур бўлган. Олти ёшидан машғулотларга автобусда мустақил қатнарди. Бахтиёр ўзидан катталар – 1993 йилда туғилганлар билан, хусусан Қозоғистон терма жамоаси сардори Бауиржон Исломхон билан бирга ўйнаган. 1996 йилда туғилган футболчилар ўртасида икки карра ва ўз тенгқурлари билан уч марта Қозоғистон чемпиони бўлган. Биз унинг барча медалларини йиғамиз.
Федерация хунук иш қилган
2016 йилги Гранаткин мемориалини оғриқ билан эслаймиз. Россияга қарши ўйинни бутун оиламиз билан телевизор орқали томоша қилаётгандик. Учрашувнинг бошида Бахтиёр йиқилганида бувиси “Унга нимадир бўлди!”, деди. Уни тиббиёт ходимлари замбилда олиб кетишди. Санкт-Петербург шаҳрига телефон қила бошладик. Кечқурун чап оёғидан жиддий жароҳат олганини билдик.
Ўшанда федерация хунук иш қилганди. Ҳамма айбни клубга тўнкаган. Тасаввур қилинг: “Жангчи ватани учун курашга киряпти ва яраланяпти, унга энди керакмаслигини айтишяпти”. Бунақа муносабат роса алам қилган. Клуб олий лигадан тушиб кетгани учун зўрға кун кўрарди. Шунда бувиси “ Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, ўзимиз йўлини топамиз”, - деган эди. Операция 600 минг тенге турарди. Бу Батёкнинг ёшлар жамоасидаги ўнта маошига тенг эди. “Тараз”даги болаларга раҳмат, кимдир 20, кимдир 50 доллар қилиб пул йиғиб берди, биз боримизни қўшдик ва зарур пул жамланди. Ўшанда кўпчилик Бахтиёрнинг келажагига нуқта қўйиб улгурганди. Бахтиёр бир йилдан сўнг югура бошлади. Лекин бунгача қанча азобларга дош берганини энди-энди ҳис қиляпмиз.
Мураббий чақирса ўт, раҳбарият таклиф қилган бўлса ўйлаб кўр!
Ўғлимга ЦСКАдан таклиф бўлганида ўзи ҳал қилишини айтдим. Унга агар мураббий чақираётган бўлса ўтиш керак, лекин раҳбарият таклиф қилаётган бўлса, ўйлаб кўр, деб маслаҳат беришибди. У иккиланаётган эди. Карпиннинг олдида ноқулай бўлди. Валерий Георгич уни Қозоғистондан олиб келди, футболчи сифатида ҳурмат билан муомала қилди, Батёк ҳам уни яхши кўради. Карпинга раҳмат, унинг ЦСКАга трансферига рухсат берди. “Сен ўсишинг керак”, - деди. ЦСКА Россиянинг топ-клубларидан. Бахтиёр бу жамоага ўтганидан фахрландик.
“Шомуродовнинг аҳволига тушишни истамайман!”
Москва катта ва сершовқин шаҳар. Батёкка бу ёқяпти. Москвадай шаҳар ёқмаслиги мумкинми? Ҳозир бир ўзи яшаяпти. Оила қуришни режалаштиргани йўқ. Бу масалада “Женоа”га ўтган “Ростов”даги дўсти Элдор Шомуродовни мисол қилади. Элдор уйланганида Карпин ҳазиллашиб: “Бўлди, уни бир йилга йўқотдик”, деган экан. Шомуродов уйланганидан кейин қарийб тўққиз ой гол уролмади. Бахтиёр ҳам уйланиш масаласи очилса, “Мен Элдорнинг аҳволига тушишни истамайман, олдин карьерамни мустаҳкамлаб олай. 25 га кирганимда бир гап бўлар”, - деб кулади.
Биз мусулмон оиламиз. Бизда ҳеч ким спиртли ичкиликларни ичмайди, тамаки чекмайди. Бахтиёр тез-тез телефон қилиб аҳволимизни билиб туради. Яхши маош ола бошлагач, бизга катта ва шинам уй қуриб берди. Акасининг уй олишига ёрдамлашди. Машҳурлик ва пул уни бузгани йўқ. Ҳаётда ҳамон ўша камтар ва катталарни ҳурмат қиладиган Батёк бўлиб қолаверади.
Sports.uz:
Таъкидлаш жоизки, Бахтиёр Зайнутдинов фаолияти давомида “Бунёдкор”да ҳам икки ҳафта кўрикдан ўтган эди. Бироқ, айрим масалалар сабабли ёш футболчи билан шартном тузишнинг имкони бўлмаган. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда