Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг аксарияти ишқибозлик қилаётган “Женоа” чемпионатнинг қизғин палласида мураббий алмаштиришга қарор қилди. Гарчи Роландо Маран “Милан”дан очко олиб, шов-шув кўтарган бўлса-да, умумий ҳисобда жамоани ғалабаларга тайёрлай олмади.
Маран ўзига берилган имкониятдан фойдалана олмади ва жойини ҳеч бир эътирозсиз бўшатиб беришга мажбур бўлди. Янги бош мураббий Давиде Баллардини “Женоа”ни тўртинчи маротаба қабул қилиб олди ва дастлабки машғулотларни ҳам ўтказишга улгурди. Бу мураббий генуяликлар учун “ўт ўчирувчи” ролини ўйнаб беради.
У тўртинчи маротаба ҳам жамоани чемпионат давомида қабул қилиб олмоқда. Охирги марта 2017-2018 йилги мавсумда ҳам Баллардини генуяликлар 18-поғонага тушиб қолиб, А серияда жон сақлаб қолиш учун курашаётганида қабул қилиб олганди. Ўшанда жамоа якунда чемпионатни 12-ўринда тугатган эди Бироқ, клуб раҳбарияти уни истеъфога чиқарган. Бундан мураббий ҳам, клуб ҳам ҳеч қандай наф кўрмади.
Мутахассислар Баллардининг услуби Элдор Шомуродовга жуда мос келишини таъкидламоқда. Тўғрироғи, Элдор янги мураббийнинг талабларига тўла жавоб бера оладиган футболчи. Маълумотларга қараганда, Баллардини биринчи навбатда ўйинчиларнинг тартиб-интизоми ва меҳнаткашлигини қадрлайди. У ҳужумчилардан ҳам ҳимояга қайтиб ўйнашни талаб қилади. Бу борада Элдор барча жамоадошларига ўрнак бўлиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Унинг ҳимоячиларга кўп ёрдам бераётгани анчадан бери мақталяпти. Қолаверса, ҳужумга отланган Роналдудан тўпни олиб қўйгани ҳали ҳамон муҳокама қилинмоқда.
Шомуродов Баллардини қўллайдиган ўйин услубида ёши катталиги туфайли ҳимояга қайтиб ўйнашга жисмонан кучи етмайдиган Горан Пандев ва тезлиги пастлиги сабабли рақиб майдонида прессинг ва тўпни олиб қўйишда самарадорлиги паст бўлган Жанлука Скамаккадан устун ҳисобланади.
Янги бош мураббийга баланд бўйли ва тезкор ҳужумчилар ёқади. Бу мураббий қўл остида ушбу типдаги форвардлар – Эдинсон Кавани ва Кшиштоф Пёнтекнинг “кетмони” анча баланд учган. Шу боис, экспертлар Баллардини даврида ўзбек ҳужумчисининг ўйини янги босқичга кўтарилишини таъкидламоқда. Қолаверса, ишдан олинган Роландо Мараннинг жамоанинг энг фаол ўйинчиси ҳисобланган ҳамюртимизга тўлиқ ўйнаш имконини бермагани ҳам мухлису мутахассислар томонидан танқид қилинаётган эди.
Баллардини учрашувлар давомида 3-5-2 схемасидан фойдаланишни ёқтиради. Бу ўйин услуби Элдорга бегона эмас ва жамоанинг ҳар бир учрашувида иккита ҳужумчидан фойдаланиши ўзбек легионерининг майдонга тушиш имкониятларини кескин оширади.
Энг муҳими эса, Давиде ҳужумчиларни яхши тушунадиган, ўйинларини муносиб баҳолай оладиган, умуман олганда, форвардлар билан ишлашни биладиган мутахассислар қаторига киради. Мисол учун 2017-2018 йилги мавсумда Балларидини Горан Пандевнинг тўпурарлик маҳоратини рўёбга чиқара олди ва македониялик ҳужумчи ўша чемпионатда еттита гол урди. Бу кўрсаткич унинг Баллардини келгунча икки ярим йил давомида киритган голлари сонидан кўп эди.
Яна бир мисол Пёнтек. Польшалик ҳужумчини айнан Баллардини кашф қилган. Бу мутахассис истеъфога чиқарилганидан кейин Кшиштофнинг ҳам тўпурарлик бўйича кўрсаткичлари пасайиб кетди. Баллардини даврида “Пёнтек” 9 та ўйинда 14 та гол урди. У кетганидан кейин 28 та баҳсда рақиблар дарвозасини 16 марта аниқ нишонга олди. Фарқ шундоқ кўриниб турибди.
Баллардинининг энг катта ютуғи эса, "Палермо"да ишлаган даврида Эдинсон Каванини ҳақиқий юлдузга айлантиргани бўлган. 2007-2008 йилги мавсумда Эдинсон “Палермо” таркибида 37 та учрашувда бешта гол урган эди. 2008-2009 йилги чемпионатда Баллардини қўл остида уругвайлик ҳужумчининг статистикаси уч карра ошди. У 36 та ўйинда 15 марта тўп киритди. Баллардини билан ишлаганидан кейин Эдинсон гранд клублар эътиборини қозона олди.
Шуларни инобатга олган ҳолда “Женоа”ни Элдор Шомуродовга жуда мос келадиган мураббий бошқаради, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Баллардини ҳужумчиларни суперюлдузга айлантириш бўйича етук мутахассис ҳисобланади. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда