21:55 / 03.03.2021
2 858

Элдор муваффақиятли ҳаракат қила оладиган ҳужумчи

Элдор муваффақиятли ҳаракат қила оладиган ҳужумчи
Бугун "Женоа" А Серия 25-туридан ўрин олган баҳсда "Сампдория" билан куч синашади. Беллашув Тошкент вақти билан тунда 00:45да старт бошланади. Бу икки жамоа Генуя шаҳрининг вакили ва битта стадионда уй ўйинларини ўтказади. 36 мингдан ошиқроқ мухлисни сиғдира оладиган "Луижи Феррарис" аренаси Генуя дербисини қабул қилади.

Элдор Шомуродов жамоаси 26 очко билан 13-ўринда бормоқда. Клаудио Раньери бошқарувидаги "Сампдория" 30 очко жамғарган ҳолда 10-поғонани банд этган. Давиде Баллардини шогирдлари ғалаба қозонишса, бугунги рақиби билан орадаги фарқни анча қисқартиради. Агар акси бўлса тафовут янада катталашади. "Женоа"ни дуранг ҳам қониқтириши қийин. Чунки Шомуродов жамоаси ортидан бир йўла 3 та клуб ("Фиорентина", "Специя" ва "Беневенто") тақиб қилмоқда. Улар ҳисобида 25 очко мавжуд.

Баллардини келгач "Женоа" хавфли ҳудудни тарк этди. Жамоа мағлубиятсиз серия қайд эта бошлаганди. Бироқ ўтган турда генуяликлар "Интер"га имкониятни бой бергач дуранглар ва ғалабали ўйинлар тўхтади. Энди "Женоа" қайтадан бошлаши керак.

Шомуродов ушбу мутахассис қўл остида асосий таркибга муносиб эканлигини исботлади. Мураббий ҳамюртимизга ишонч билдиришда давом этмоқда. Баллардини ҳужумчимизга шу қадар ишонмоқдаки, катта ўйинларда ундан яширин қурол сифатида фойдаланмоқда. Яъни Элдор асосий таркибга киритилмайди ва иккинчи бўлимда рақиб чарчашини инобатга олиб, майдонга тушурилади. Шомуродовнинг тезкорлиги ва бир нечта футболчидан ўтиб кетишига кўзи етган мураббий уни "ушлаб туради". Бу услуб "Интер"га қарши беллашувда ҳам қўлланилди. Бироқ Шомуродовнинг ўйинга киришиб кетиши қийин кечди. Ҳамма учрашувларда ҳам бундан наф чиқавермайди.

Қолган турлар генуяликлар учун жуда муҳим. Мағлубият ёки йўқотилган очколар уларни яна аввалгидек турнир жадвалининг қуйи қисмига яқинлаштиради. Буни хоҳламаган мураббий ҳамюртимизни асосий таркибда майдонга тушириши даркор. Чунки Элдор вазиятлар яратишни қойиллатади, шу билан бирга самарали ҳаракатларни амалга оширади. Ҳамюртимиз жамоа тўпурари Дестро билан яхши тандем ҳосил қилади. Шомуродовнинг пасларидан сўнг италиялик ҳужумчи муваффақият қозонаётгани бор гап.

Шунинг учун бугун Баллардини олдинги чизиқда Элдор Шомуродов ва Маттиа Дестро жуфтлигидан фойдаланса, бу "Женоа" учун яхши бўлиш эҳтимоли юқори. Мамлакатнинг нуфузли нашрларидан бири LaGazzettadelloSport ҳам айнан бу икки ҳужумчи бугун асосий таркибда майдонга тушишини тахмин қилган.

Айтганча, ушбу жамоалар биринчи даврада 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этганди.

Бекзод Исаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор муваффақиятли ҳаракат қила оладиган ҳужумчи