13:43 / 28.03.2021
2 253

Адолатсизлик қурбони бўлган Роналду Португалия термасида ўйнашдан воз кечдими?

Адолатсизлик қурбони бўлган Роналду Португалия термасида ўйнашдан воз кечдими?
2022 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун Европада ўтказилаётган саралаш турнири доирасида Сербия ва Португалия учрашувининг охирида можароли вазият юзага келди.

Ўйиндаги тўхтатилишлар учун қўшиб берилган дақиқаларда Криштиану Роналду жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллади. Тўпни дарвоза чизиғидан ҳимоячи қайтариб қолди. Роналду гол бўлганига ишонч билан ён ҳакамга ишора берди. Видеотакрорлар ҳам тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганини кўрсатди.

Жаҳон чемпионатининг саралаш баҳсларида VAR қўлланилмаётгани боис, нидерландиялик бош ҳакам Данни Маккели буни қайта кўриб чиқолмади ва голни инобатга олмади. Эътироз билдирган Роналдуга сариқ карточка кўрсатилди. Буни адолатсизлик, деб қабул қилган Криштиану сардорлик боғичини ерга отиб, ўйин тугамай майдонни тарк этди.

Кўпчилик буни футболчи терма жамоада ўйнашдан бош тортди, деб қабул қилди.
2:2 ҳисобида якунланган баҳсдан сўнг, Роналду бу вазиятга қуйидагича изоҳ берди.

- Португалия миллий терма жамоасининг сардори бўлиш мен учун ҳаётимдаги энг катта ифтихор ва имтиёздир. Мен ўз мамлакатим учун боримни бераман ва бу муносабатим ҳеч қачон ўзгармайди. Лекин мураккаб вазиятлар ҳам бўлади. Айниқса, бутун бир миллат зарар кўрганида чидаб бўлмайди.

Энди бошингизни кўтаринг ва ҳозирданоқ янги чақирувларга тайёр туринг. Олға, Португалия!
, - деди Криштиану Роналду.

Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш ҳам бу вазият бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Бош ҳакам хатоси учун узр сўради ва бунинг учун у ҳурматга лойиқ. Лекин юқори нуфузли бундай мусобақаларда VAR ва голни аниқлайдиган технологиялардан фойдаланмаслик мумкин эмас. Саралаш турнирларида шу тарзда иккинчи маротаба азият чекяпмиз. Тўп дарвоза чизиғидан ярим метрга ўтиб кетди, дарвозабон ва дарвоза чизиғи ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Гол бўлгани аниқ кўриниб турганди.

Ҳакам олдимга келиб кечирим сўради, лекин бу муаммони ҳал қилмайди. Тўғри, ҳакамлар ҳам хато қилади, чунки улар ҳам одам, лекин VAR тизими шундай хатоларни олдини олиш учун яратилганку.

Роналдунинг аҳволини тушунса бўлади, сўнгги дақиқада ғалаба тўпини киритди, лекин у тан олинмади. Мен уни танқид қилмайман
, - деди Фернанду Сантуш.

Ушбу учрашувдан сўнг, ҳар икки терма жамоа ҳисобидаги очколар сони тўрттани ташкил қилмоқда. Қўшимча кўрсаткичларга кўра, Сербия биринчи поғонадан жой олди, португалияликлар эса иккинчи ўринни банд этиб турибди.

Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, Криштиану Роналдунинг Португалия терма жамоасидаги голлари сони айни пайтда 102 тани ташкил қилмоқда. Жаҳон футбол жамоатчилиги португалиялик юлдуз терма жамоада гол уриш бўйича эронлик ҳужумчи Али Дайининг рекордини янгиланишини кутмоқда.

Қитъадошимиз Эрон терма жамоаси сафида 149 та учрашувда рақиблар дарвозасини 109 маротаба аниқ нишонга олган. Бу футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам бир неча марта гол урган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Адолатсизлик қурбони бўлган Роналду Португалия термасида ўйнашдан воз кечдими?