11:18 / 12.05.2021
2 424

Гол нега инобатга олинмади? Ҳакамлар устидан арз қилинадими? Кўр-кўрона олинган ҳужумчи ким? - Мурод Исмоилов


Ҳозирча Суперлига дебютанти “Турон”нинг натижалари ижобий эмас. Чунки ҳалигача ғалаба қозона олмаяпти. Бу турда эса ўз уйида АГМКга имконият бой берилди. Бироқ ушбу учрашувда яна баҳсли вазият юз берди.

Бир вазиятда АГМК посбони зарбани қайтариш чоғида бироз мувозанатни йўқотиб, тўпни дарвоза ичидан олиб чиққандек туюлди. Табиийки, бу яна баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. “Турон” устози ҳам бу борада ўз фикрини билдирди.

Ёш Ислом Исмоилов дадаси – Мурод Исмоиловдан кўп маслаҳатлар олиб туради. Чунки катта Исмоилов ҳам “Турон” клубида фаолият кўрсатаётганини яхши биласиз. Шу сабабли ушбу мутахассис “Турон”нинг ўйинлари, ҳакамлар ва яна бошқа масалаларда муносабат билдирди.

“Рақиблар билан тенгма-тенг ўйнаяпмиз”
- Ўйин борасида футболчиларга эътироз йўқ, ҳаракат қилишяпти. Барибир мослашиш қийин кечяпти. Голли вазиятлардан самарали фойдаланишда камчиликлар бўляпти холос. “Насаф” билан ўйинни ҳисобга олмаганда, қолган рақиблар билан яхши, тенгма-тенг курашлар бўляпти. Бундай ҳолатда раҳбарлар, мураббийлар ва футболчиларнинг хаёли фақат битта: у ҳам бўлса, чуқурликдан чиқиб кетишга қаратилган. Мен эса кўпроқ ёшлар жамоасини шуғуллантиряпман. Тўғри, мағлубиятдан кейин кайфият тушкун ҳолатда. Лекин умид қиламанки, бу вазиятдан чиқиб кетамиз. Муҳими, тўхтаб қолмаслик.

“Футболчиларга ҳамма ишонади”
- Албатта, бундай вазиятда мураббий ва футболчиларда тушкун кайфият бўлади. Асосийси, ўзига бўлган ишончни йўқотмаслик керак, йигитлар. Бир-бирига ишониш лозим ва бирдамлик муҳим. Айнан шундай ҳолатларда спортчи, умуман инсоннинг даражаси билинади. Бир жамоа бўлиб ҳаракатланиш жуда муҳим. Футболчиларга ҳамма ишонади.

“Голнинг ҳисобга олинмагани натижага таъсир қилди”
- Ўша гол ўйинда бурилиш ясаши мумкин эди. Чунки жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатаётганди. Ўшанда гол бўлганди. Ҳамманинг ўз фикри бор. Аммо холис туриб айтилганда, гол бор эди. Лекин ҳисобга олинмагани натижага ҳам таъсир қилди. Агар голни инобатга олишганида ўйин бошқача кечарди. Кимдир ютиш учун кўпроқ гол уриш керак эди, деган гапларни ҳам айтишяпти. АГМК ҳам совға жамоа эмас. Ўз олдига катта мақсад қўйган, яхши шаклланган клуб. Суперлиганинг етакчиларидан бири. Уларга қарши бизнинг янги жамоамиз шунчалик ўйнади. Барибир ўша ҳолатда гол ҳисобга олиниши керак эди.

“Ҳакамлар устидан арз қилингани билан натижа ўзгармайди”
- Ҳакамлар ҳақида гап кетганда, мени барибир “Турон” позициясидан туриб фикр билдиряпти, дейишади-да. Уларни атайлаб ёки бехосдан қиляпти дейиш қийин. Бировни ичини биров билмайди. Ҳаммага инсоф берсин. Холис қаралганда барибир АГМК дарвозасига гол урилганди, уни ҳисоблаш лозим эди. Ҳакамлар устидан ариза ёзишдими-йўқми, бехабарман. Барибир ёзган билан натижа ўзгариб қолмайди.

“Ёш мураббийнинг пешонасида шундай синовлар бор экан”
- Ҳар бир мураббий ўз фикрини билдиришга ҳақли. Ўша вазиятни кўриб чиқишгани билан ҳакамга қандайдир жазо белгиланиши ҳам мумкиндир. Бироқ натижа барибир ўзгармайди-ку! Бундан “Турон” жамоасига ҳеч қандай енгиллик йўқ. Бу йўлга чиқдими, демак, таслим бўлмасдан охиригача курашиш керак. Қанчалик насиб қилган бўлса, ҳаракатни давом эттириш керак. Инсон қўлидан келган барча ҳаракатни қилиши керак-да, ҳукмини Худога ҳавола қилиб қўйиши лозим. Ёш мураббий ва ёш жамоанинг пешонасида шундай синовлар бор экан, бундан тобланиб, ирода кўрсатиб ўтилса мақсадга мувофиқ бўлади. Камчиликлар устида ишлаш керак. Фақат биргина ҳакамларнинг хатосига қараб қолиб, ишлашдан ва меҳнатдан тўхтаб қолмаслик керак. Демак, энди яққол гол уриш лозим.

“У ишончни оқламади”
- Жамоа шакллантирилаётганда, айниқса, “Ҳоким Кубоги”дан кейин камчиликлар кўзга кўриниб қолди. Исломбек ўтган йили меҳнат қилган футболчиларга ҳеч бўлмаганда бир давра имконият берамиз деб айтганди. Лекин қишки йиғинда камчиликлар кўзга ташлангач, шошилинчда селекция ишлари олиб борилди. Бу борада Карикари масаласида адашилди деб ўйлайман. У чемпионат бошланишига 3-4 кун қолганда қўшилди. Ҳужумчи керак эди ва уни яхшилаб синовдан ўтказмасдан кўр-кўрона олинди. Шунинг учун Карикари танловида адашдик. Охирги учрашувларда ўйнамаяпти. У ишончни оқламади. Ундан умид катта эди. Ҳозирги ҳолатда жамоадаги ҳамма ҳаракат қиляпти. Футболчиларни ҳам айблай олмайман. Улар ҳам қўлдан келганича ҳаракат қиляпти. Жамоамиз қандайдир қора чизиққа тушиб қолди. Энди ақл билан ишлаб, меҳнат қилган ҳолда тўғри йўналишда охиригача ҳаракат қилинади.

Шуҳратбек Жўраев



arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гол нега инобатга олинмади? Ҳакамлар устидан арз қилинадими? Кўр-кўрона олинган ҳужумчи ким? - Мурод Исмоилов