22:51 / 29.03.2022
1 389

Жаноб Моуриньо, кўзингизни каттароқ очинг, Шомуродов гол уришни унутгани йўқ!

Жаноб Моуриньо, кўзингизни каттароқ очинг, Шомуродов гол уришни унутгани йўқ!
Элдор Шомуродов “Рома”да захирада ўтириб қолгани ва керак бўлса, айрим учрашувларда майдонга туширилмаганини инобатга олиб, ҳужумчимизнинг маҳоратига шубҳа қилмаган бўлсак-да, ўйинида пасайиш бўляптимикан, деган тахминларга борган эдик.

Бироқ, Наманганда ўтказилган ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Navruz Cup” халқаро турнирда терма жамоамиз сафидаги ўйини Элдор Шомуродов тўпурарлик қобилияти заррача ҳам пасаймаганини кўрсатиб берди.

Қирғиз футболчиларига қарши ўтказилган беллашувда Элдорнинг ҳисобни тенглаштирувчи голи оддий ҳолат сифатида қабул қилинди. Бу баҳсда асосий қаҳрамон унинг ўрнига захирадан майдонга тушиб, дубли билан Сречко Катанецнинг юзини ёруғ қилган Игорь Сергеев бўлди.

Турнирнинг финалида Уганда терма жамоасига қарши ўтказилган беллашувда Элдор Шомуродов ҳамон терма жамоанинг асосий тўпурари ва етакчиси эканини исботлаб қўйди. Шу куни ҳужумчимиз рақиблар дарвозасини уч бор ишғол қилди. Дастлабки икки голда комбинацияни шахсан ўзи ташкил қилиб, ўзи самарали якунлади.

Учинчи голида ҳам рақиб ҳимоячисини чиройли тарзда ортда қолдириб, узоқ масофадан аниқ зарба йўллади. Элдорни табриклаш қўйиш керакки, бу моҳир тўпурарнинг миллий терма жамоамиз сафидаги биринчи хет-трики бўлди. Умид қиламизки, охиригиси эмас.

Шомуродов ҳар икки учрашувда ҳам ўзи ҳаракат қилган дақиқаларда катта ҳажжмдаги ишларни бажариб, рақиблар дарвозасига хавф солишдан ташқари, ҳужум ташкил қилиш, тўп учун кураш ва ҳимояга қайтиб ўйнашда ҳам анча фаоллик кўрсатди. Элдор айнан мана шундай ҳаракатлари билан Италиядаги талабчан мухлислар ва синчков мутахассислар эътибори, эҳтироми ва эътирофини қозонган эди.

Германиядаги transfermarkt порталида қайд этилишича, Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоасида 53-учрашувини ўтказиб, голлари сонини 27 тага етказиб олди. Уганда билан ўйиндаги учта гол Элдорни миллий терма жамоа тўпурарлари рўйхатида Сервер Жепаровни ортда қолдириб, тўртинчи ўринга кўтарилиб олишига хизмат қилди.

Ҳозирча, “Рома” ҳужумчиси ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги юлдузлари – Максим Шацких (61 та ўйин, 34 та гол), Александр Гейнрих (98 та ўйин, 32 та гол) ва Миржалол Қосимовдан (66 та ўйин, 31 та гол) ортда қолмоқда. Лекин катта эҳтимол билан, Элдор Шомуродов яқин йиллар ичида Максим Шацкихнинг рекордини янгилашга эришади.

Шу ўринда, Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовга нисбатан муносабатини ижобий томонга ўзгартириб, унга кўпроқ ўйин амалиёти тақдим этиши лозим, деган мулоҳаза бор. Чунки Шомуродов ўзига билдирилган ишончларни оқлай олишга қодир футболчи. Ахир Тэмми Абрахам Римга келгунча Шомуродов асосий ҳужумчи вазифасини уддалаб келаётган эди.

Маҳоратли футболчимиз А Серияга кўчиб ўтганидан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги статистикаси ҳам ўсишда давом этмоқда. Шундан бери, Элдор ўртоқлик ва расмий учрашувларда Эрон, Сингапур, Швеция, Қирғизистон терма жамоалари дарвозасига биттадан, Африка вакиллари – Жанубий Суданга иккита, Угандага учта, жами тўққизта тўп киритганига эътибор қаратиш лозим.

Терма жамоамиз тўпурарлари рўйхатида навбатдаги ўйинларда бошқа ўзгаришлар ҳам бўлади. Хусусан, “Navruz Cup” халқаро турнирида Қирғизистон терма жамоаси дарвозасига иккита тўп киритган Игорь Сергеев голлари сонини 19 тага етказиб олди. Бу ҳужумчимиз кейинги ўйинларда яна битта гол урса, тўпурарлар рўйхатида Игорь Шквирин ва Одил Аҳмедовга етиб олади, иккинчи голи эса уни бешинчи поғонага олиб чиқади.

Хулоса ўрнида, Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовга келаси ўйинларда етарли даражада имкон беришини кутиб қоламиз. Табиийки, “Рома” мутахассислари терма жамоага жўнаб кетган ўйинчилар иштирокидаги ҳисоботларда Шомуродов Сречко Катанец қўл остида иккита баҳсда тўртта гол ургани ҳақида Моуриньога албатта маълумот беради.

Шундай экан, жаноб Моуриньо, кўзингизни каттароқ очинг, Шомуродов гол уришни унутгани йўқ!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жаноб Моуриньо, кўзингизни каттароқ очинг, Шомуродов гол уришни унутгани йўқ!