00:19 / 31.03.2022
1 127

Кучсизлашган “Пахтакор“, Бабаян эффекти ва мақсадлари ўзидан катта “Нефтчи“! Суперлига стартини ким қандай ўтказди?

Кучсизлашган “Пахтакор“, Бабаян эффекти ва мақсадлари ўзидан катта “Нефтчи“! Суперлига стартини ким қандай ўтказди?
Жорий мавсум аввалида ички биринчилигимиздаги жамоаларнинг деярли барчаси мавсумолди ўқув-йиғин машғулотларини хорижда ўтказди. Доимгидек, улар сафида кўплаб янги номлар пайдо бўлди. Эътиборлиси, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, бу сафар кучлилар қаторига қўшилишни мақсад қилган жамоалар сони кўп эди.

Хўш, стартдан хулоса қиладиган бўлсак, ким кутилган ўйинни намойиш этмоқда? Қайси клуб сюрприз? Чемпионлик учун кураш олиб бораётганлар сафи кенгаядими? Шу ва шунга ўхшаш бошқа саволларга бугун жавоб беришга уриниб кўрамиз.

1-қисм

“Нефтчи“ - "Эйфория!"

“Нефтчи“ - ўзбек футболининг классикаси! Фарғоналик ишқибозлар кўзларида олов билан эслайдиган ўтмишни сўзлаганида, барча клуб фанатлари жим тинглашга мажбур. Юрий Саркисян қўйиб кетган "планка" шу қадар баланд-ки, унга бугунги “Нефтчи“ни етиши даргумон. Аммо, шунга ҳаракат бор. Савияли трансферлар, мухлислар эътибори, таъмирланаётган стадион ва катта амбицияларга эга раҳбарият - барчаси аъло даражада. Бироқ натижа талаб қилишга ҳали эрта. Ҳатто Арвеладзе ҳам бир мавсумда катта бюджетга эга “Пахтакор“ни енгилмас қила олмади. “Нефтчи“дан бугун ва ҳозир натижа талаб қилиш имконсиз. Таркибнинг барча асосий фигуралари бошқа жамоалардан таклиф этилган. Мураббий уларни жамоага “сингдириб“ юборгач, ўзи истаётган футболни кўрсатиши мумкин.

“Қизилқум“ - "Яширин тулпор"
Никола Лазаревич ўқув-йиғин машғулотларидан энг унумли фойдаланган мутахассислардан бири, десак, адашмаган бўламиз. Таркибни анча номдор футболчилар билан тўлдирган жамоа ҳозир кучли тўртликда бўлишга асосий даъвогар. Зарафшонликлар бошқа клублар сингари ўта таниқли футболчиларни қўлга киритмаган бўлса-да, майдондаги барча позициялар учун топ даражадаги (Суперлигамиздан келиб чиқиб) ижрочиларни ўз сафига қўшиб олди. Бу узоқ давом этадиган лига баҳсларида қўл келиши аниқ. Старт ажойиб, аммо финиш-чи? Актамов бош мураббий сифатида ишлаган мавсумларда “Қизилқум“ айнан якунда муҳим очколарни бой берарди. Никола бу хатолардан тўғри хулоса чиқарса, “олтин қазувчилар“ 2+2 квотаси учун бемалол кураш олиб боришга қодир.

“Сўғдиёна“ - “Атлетико“нинг ўзбекча версияси
Улуғбек Бақоев том маънода Диего Симеонега айланиб бормоқда. Жамоасининг услуби, қизиққонлиги, эмоциялар эвазига эпизодларда ютиб чиқишга ўргатилган шогирдлари... Бундай ўхшатишлар кўп. Муҳими, Симеоненинг йўлини берсин. Жиззахликлар таркибига қарар эканмиз, анча шаклланган “банда“га гувоҳ бўлишимиз мумкин. Футболчиларнинг тартиб-интизоми, майдонда бир-бирини “суғурталаши“, стандартларни қуролга айлантиргани “Сўғдиёна“ни тобора қудратли кучга айланишига сабаб бўлмоқда. Бу мавсумдаги старт аъло даражада, 3 ўйинда 7 очко. Ҳаммаси режа асосида борса, “Сўғдиёна“ кучли учликда бўлиши ҳеч гап эмас.

“Навбаҳор“ - Парвозга шайланган лочин
"Қолган йўналишлардаги камчиликларни ички муҳитнинг аъло даражада бўлиши эвазига беркитиш мумкин. Бироқ кучли таркиб бўлса-да, ёмон ички муҳит билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди", - деганди Гус Хиддинк.

Намангандаги “Навбаҳор“ - “Насаф“ ўйинини стадионда томоша қилдим. Аммо кучли босим ва ҳаяжон сабабли айтарли ҳеч нарса кўрганим йўқ. 3-турга келиб, Самвел Бабаян эффектини сездим. Нимада дейсизми? Марушичнинг “Қўқон-1912“ дарвозасига киритган голи ёдингиздами? Ўша лаҳзада захирада ўтирганлардан тортиб, мураббийлар штабигача гол киритган футболчини қутлаш учун майдонга “отилди“. Бу Канчельскис, Ҳасанов ва Жалилов даврида умуман кўзга ташланмаганди. Ҳар ҳолда, Самвел Вячеславович чемпион бўлишга қодир жамоани тузишдан аввал, уни оилага айлантириш керак, деб ҳисоблади чоғи. Ҳозирча, бу ўз эффектини бермоқда. Иккита тенг кучли таркиб, меҳмонда ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр мухлислар армияси, бошқарувни тўлақонли ўз қўлига олган Бабаян. Нима деб ўйлайсиз, бу чемпионлик формуласими?!

“Пахтакор“ - Овдан қайтаётган "шер"
Дарҳақиқат, сўнгги 5-6 йил ичида “Пахтакор“ Ўзбекистонда мутлақ гегемонга айланиб улгурди. Бошқачасига бу устунликни тасвирлаш имконсиз. Катта пуллар, барча маҳаллий юлдузларнинг бир жойга жамланиши ва ишга европача ёндашув. Афсуски, бу темп вақтинча экан. Арвеладзе кетгач, Хюистра унинг йўқлигини сездирмасликка чиранди. Лекин 100 фоиз уддалади, деб бўлмайди. Энди Арвеладзенинг йўқлигини билдирмасликка уринган Хюистрани Славче Войнески алмаштирди. Питер ўз-ўзидан “Шота II“ сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади. Хўш, Славче-чи? У Войнескими ёки “Шота III?“

Бугунги “Пахтакор“ни аввалгиларидан кучли, деб бўлмайди. Тўғри, у ҳали-ҳамон чемпионлик учун асосий даъвогар. Қолгани Суперлигада чемпионликни ўз олдига мақсад қилиб қўйган жамоаларга боғлиқ. Агар қорни тўқ ва овдан қайтаётган шерни тўхтатиб қолишни уддалай олмаса, демак, уларда чемпион бўлиш истаги ҳеч қачон бўлмаган.

“Динамо“ - Ўзгача юриш
Бироз танаффусдан сўнг Самарқандга яна катта футбол қайтди, қайтганда ҳам байрамга айланиб кетди. Биринчи турда Осиё гранди “Пахтакор“ “Динамо“ мухлислари кўз ўнгида майдонга чиқиб келди. Тўғри, якунда ғалаба амалдаги чемпион ҳисобига ёзилди. Бироқ Предраг Роган шогирдларидан ҳеч ким хафа бўлгани йўқ. Кейин “Сўғдиёна“ билан баҳс ҳам аламли мағлубият билан якунланди. 3-тур олдидан жамоанинг янги мураббийи ўзгача юриш қилди. У жамоа ишқибозларига мурожаат йўллади.

“Чемпионатнинг дастлабки икки турида бизни қандай қийин ўйинлар кутиб турганини яхши билардик, чунки рақиблар – чемпион ва вице-чемпион эди.

Бу ўйинлар бизни кўпроқ руҳлантирди ҳамда шуни айтишни истардимки, рақибимиз ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ўйинга тўлиқ куч билан тайёргарлик кўрамиз. Албатта, ўтган икки ўйинда биз яхшироқ натижани кутгандик. Аммо вазиятга реал ёндашиш лозим. Ўйинларда яхши вазиятларимиз кўп бўлди. Лекин улардан фойдалана олмадик. Футболда эса бунинг учун рақиб сени жазолаши аниқ. "Пахтакор" ва "Сўғдиёна"дек тажрибали жамоалар ўз вазиятларидан фойдаланмай қўймайди. Бизнинг таркибимиз янги, ҳали вақт керак, сабр билан кўп ишлашимиз лозим.

Ўтган икки турда кучли жамоаларга қарши ўйинда исталган рақиб билан тенгма-тенг ўйнай олишимизни кўрсатдик. Таркибимиздаги жуда кўп футболчилар "Динамо" либосини кийишга муносиб эканликларини кўрсатишди. Уларнинг аксарияти ёш, ҳали Суперлига ўйинларида ўйнаш тажрибаси йўқ. Муҳими, футболчилар ўз устида ишлаб, "Динамо" учун бор кучларини сарфлаб, виждонан ишлашмоқда, тажриба эса ўйиндан ўйинга ошаверади. Аксарият ўйинчиларга майдонда кўпроқ имконият бериб, улар ҳам жамоани кучайтириш учун таклиф этилганини исботлаши лозим.

"Динамо" мухлисларига ўтган икки турдаги қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдираман. Улар бизнинг бир бўлагимиз. Чунки "Динамо"дек жамоанинг мухлислари билан ҳаммаси осонроқ кечади. Қўллаб-қувватлаш учун раҳмат, балли йигитлар! "Динамо" учун бирга, олға!”

Очиғи, хорижлик мутахассисни клуб фанатлари билан бундай контактга борганини Суперлигамизда ҳар куни ҳам кўравермайсиз. Таркиб ёмон эмас, аммо уларни тўлиқ шаклланмагани факт. Шундай экан, “Динамо“ мавсумда элитада жон сақлаб қолишни асосий мақсадга айлантирган.

“Локомотив“ - "Янги Клопп"нинг қисқа эртаги
Денис Коростиченко бошқарувидаги “Локо“ биринчи турда “Қизулқум“дан мағлубиятга учрагач, барча буни таркибнинг кескин кучсизланганига йўйди. 2-турда АГМК билан ўйинда амалга оширилган "камбэкча“ Денисни "Клоппга айлантирди". 3-турда Суперлиганинг энг “камсуқум“ жамоаси саналган “Бунёдкор“ "темирйўлчилар"ни таслим этди. Воқеалар ривожини кузатар экансиз, Коростиченкони "ўзбекистонлик Клопп" деб таъриф олишидан бошқа ҳеч нарса ярқ этиб кўзга ташланмаслигига гувоҳ бўласиз. Тан олиш лозим, клуб мавсум аввалида хорижда йиғин ўтказмади.

Катта маош талаб қилган ҳаммага рухсат берди. “Темирйўлчилар“нинг бугунги асосий вазифаси - академияни кучайтириш орқали ўз-ўзини футболчи билан таъминлашга қодир клубга айланиш. Бу мақсад йўлида Суперлиганинг бир нечта мавсумини барбод қилса ҳам уларни койиманг! Ҳар ҳолда, бугун натижа берадиган бесамар легионерлару, ёши 30 дан ошган футболчиларни таркибга чорлайдиган клублардан футболимиз ҳеч нарса ютмайди. Бундан заррача наф бўлганида, биз аллақачон ЖЧда иштирок этган бўлар эдик.

Я. У

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кучсизлашган “Пахтакор“, Бабаян эффекти ва мақсадлари ўзидан катта “Нефтчи“! Суперлига стартини ким қандай ўтказди?