Одамлар орасида соч тўкилишидан азият чекувчилар талайгина, соч оқариши ҳам ёшармоқда. Ушбу муаммолардан халос бўлиш учун айримлар турли воситаларни ўзларида синаб кўрадилар, аммо бу билан ҳамма ҳам ҳар доим кутилган натижага эришмайди. Нима учун соч тўкилади ва эрта оқаради? Бу муаммонинг олдини олиш учун қайси чоралар энг самарали ҳисобланади? Кимларга соч экиш амалиёти қўлланмайди? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида “Дарё” мухбири Наргиза Юнусова трихолог-трансплантолог Муниса Жўраева билан суҳбат уюштирди.
“Соч тўкилиши, умуман, соч билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳақиқатан ҳам актуал бўлиб қолмоқда. Айниқса, соч тўкилиши COVID-19 нинг пайдо бўлиши, бутун дунё бўлиб тарқалиши, пандемияга айланиши ва ундан кейинги асоратлар қаторига киради. Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида GMO ва сунъий қўшимчаларнинг кўпайиб кетиши, экологиянинг бузилиши ҳам бирламчи омиллардан ҳисобланади. Шунинг учун бугунги кунда трихолог мутахассисларига талаб катта”, — дейди Муниса Жўраева.
Унинг қўшимча қилишича, Ўрта Осиё эндемик, яъни микроэлементлар танқис бўлган минтақадир. “Ўзбекистоннинг аксар ҳудуди иссиқ иқлим шароити, қуруқ об-ҳаво ҳамда туз миқдори юқори бўлгани сабаб ёд ва темир каби моддалар танқислиги кузатилади. Бу ўз навбатида инсон саломатлигига, жумладан, тери, тирноқ ва сочларга салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди”.
Соч тўкилиши ва оқаришининг сабаби индивидуал хусусиятга боғлиқ бўлиб, кимнидир хурсанд қилган восита бошқада акс таъсир кўрсатиши мумкин. Шу жиҳатдан соч тўкилиши кузатилганда унинг сабаби гормонал ўзгаришлар, витаминлар етишмовчилиги, стресс ёки бошқа омилми — аниқлаш учун мутахассисга мурожаат қилиб тиббий текширувлардан ўтиш тавсия этилади.
Кунига ўртача 150 толагача соч тўкилиши меъёр ҳисобланади. Сочнинг танга-танга шаклида тўкилиши саломатлик ҳақида жиддий хавф аломатидир. Бу ҳолда қандай йўл тутиш кераклиги борасида қуйидаги видеони кўриб, саволларингизга батафсил жавоб олинг.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг