14:10 / 04.05.2024
106

Организмда гормонлар билан боғлиқ муаммо борлигини билдирадиган симптомлар

Организмда гормонлар билан боғлиқ муаммо борлигини билдирадиган симптомлар
Фото: “Новий очаг”
Стресс, дори-дармонлар, метаболик касалликлар — гормонал даражадаги ўзгаришларнинг сабаблари кўп бўлиши мумкин. Аммо кўпинча гормонал мувозанат издан чиқиб кетганига эътибор берилмайди ва чарчоқ, вазн ўзгариши ва бошқа аломатларни ёш ўтиши ёки ортиқча ишлаш билан боғлашади. “Домашний очаг” нашрида келтирилган рўйхатдаги аломатлардан камида бир нечтаси кузатилса, албатта, гинеколог-эндокринолог билан учрашиш тавсия этилади.

Иштаҳанинг ортиши

Агар доимо очлик ҳисси тарк этмаса ва одатдаги овқатланиш кифоя қилмаса, қалқонсимон без гормонлари мувозанатини текшириб кўриш лозим. Гипертиреозда қалқонсимон без гормонлари кўп миқдорда ишлаб чиқарилганда, организм калорияларни кўпроқ сарфлайди ва иштаҳани оширади. Бундан ташқари, доимий очлик стресс гормони кортизол даражасининг ошиши туфайли пайдо бўлиши мумкин: организм хавфли вазиятда кўпроқ энергия сақлашга интилади.

Соч тўкилиши

Аёлларда тестостерон даражасининг ошиши эркак типидаги соч тўкилишига олиб келади. Кўпинча ушбу гормоннинг ортиши поликистик тухумдон синдромидан дарак беради, бу нафақат фарзанд кўриш эҳтимолини пасайтиради, балки диабет ёки саратон каби касалликлар хавфини ҳам ошириши мумкин.

Вазн ўзгариши

Ҳеч қандай сабабсиз пайдо бўладиган вазннинг ўзгариши гормонал номутаносиблик ҳақида дарак беради. Вазн ортиши кортизол ёки тестостероннинг ортиқча эканлигини кўрсатиши ёки қалқонсимон без фаолиятининг сустлашишидан огоҳлантириши мумкин. Тўсатдан вазн камайиши қалқонсимон без, аксинча, зарур бўлгандан кўра фаолроқ ишлаётганини ва у томонидан ишлаб чиқарилган жуда кўп гормонлар қон оқимига киришини кўрсатиши мумкин.

Кайфият ўзгариши

Ҳомиладор ёки менопаузани бошдан кечираётган аёлларда бу аломатни кўриш одатий, аммо гормонлар мувозанати бузилган бўлса, жиддий руҳий ўзгаришлар ҳар қандай ёшдаги аёлларни қийнаши мумкин.

Доимий чарчоқ

Организмнинг ҳар қандай тизимидаги, шу жумладан, гормонал тизимдаги номутаносиблик, албатта, энергия даражасининг пасайишига олиб келади. Агар тезда чарчаб қолсангиз, ҳеч қандай ҳолатда дам ололмасангиз, ўзгаришларни ёш ўтиши ёки стресс билан боғлаб бўлмайди. Албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Доимий чарчоқ ва ҳолсизлик жуда хавфли аломатдир, уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

Уйқунинг бузилиши

Кечаси етарли даражада ухлаб бўлмаса, кортизол даражаси кўтарилади ва юқори кортизол ухлашга халақит беради. Бундан ташқари, уйқусизлик қалқонсимон гормоннинг кўтарилишидан келиб чиқиши мумкин ва агар бу гормон паст бўлса, дангасалик ва уйқучанлик кузатилади. Қандай бўлмасин, уйқу бузилиши, айниқса тўсатдан ва ҳеч қандай ташқи сабабларга кўра юзага келмайди. Бу эса шифокорга учрашиш учун сабабдир.

Хотира ва диққатнинг бузилиши

Қалқонсимон без яхши ишламаса ва гормонлар кам ишлаб чиқарилса, когнитив функциялар ёмонлашиши мумкин: хотира, концентрация ва маълумотни идрок этиш қобилияти ёмонлашади. Агар кундалик вазифаларни бажариш қийинлашса ва эътиборсизлик кучайган бўлса, эндокринолог билан маслаҳатлашиш зарур.

Суяк синиши

Суяклар учун зарур D витамини организмга киргандан сўнг калситриол гормонига айланади. Агар калсий ва D витамини етарли миқдорда қабул қилинса-ю, лекин суяклар заиф бўлса, ушбу гормон ёки калсий даражасини назорат қилишга ёрдам берадиган қалқонсимон без гормони мувозанати бузилган бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Организмда гормонлар билан боғлиқ муаммо борлигини билдирадиган симптомлар