18:08 / 18.09.2024
49

Бош нима учун оғрийди? Кўпчилик тахмин қилмаган сабаблар

Бош нима учун оғрийди? Кўпчилик тахмин қилмаган сабаблар
Бош оғриғи бугунги кунда деярли барча замонавий инсонларнинг кундалик ҳаётида учрайди. Бунинг сабаби нафақат доимий стресс ва об-ҳавонинг кескин ўзгариши, балки оғиз бўшлиғидаги касалликлар туфайли ҳам бўлиши мумкин.

Фото: Shutterstock
Бош оғриғи муаммосининг илдизи баъзан биз кутмаган ерда яширинган бўлади. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бош оғриғи 60% ҳолатларда оғиз бўшлиғидаги муаммолар туфайли юзага келади. Уларга тиш ва унинг эмалидаги муаммолар, чакка ва пастки жағ бўғимлари дисфункцияси, нотўғри тишлам (прикус) ва бошқалар киради. Ушбу касалликларнинг бари ўз вақтида даволанганда ҳеч қандай жиддий асоратлар олиб келмайди ва бош оғриғи тез орада қолади.

Кариес

Кариес — оғиз бўшлиғининг энг кенг тарқалган касалликларидан бири. Кариес пайдо бўлганда аввало тиш эмали шикастланади, агар даволанмаса, у дентин — тишнинг қаттиқ тўқималарини шикастлайди.

Кариесни вақтида даволамаслик ёки нотўғри даволаш туфайли тиш оғриғи билан бирга бош оғриғи ҳам юзага келади. Чунки ўз вақтида олиб ташланмаган зарарланган тўқималар атрофдаги соғлом ҳужайраларни ҳам яллиғлай бошлайди ва касаллик нерв толаларгача етиб боради. Бош оғриғи эса бундай вақтда энг ёқимсиз ҳолатга айланади.

Нотўғри тишлам

Нотўғри тишлам тишларнинг нотекислиги билан боғлиқ эстетик муаммо бўлишдан ташқари тишлар ва бутун тана саломатлигига таъсир қилувчи омилдир. Агар ортодонтга мурожаат қилинмаса, пастки жағ, оғиз мушаклари ва бўғимларида оғриқлар пайдо бўла бошлайди. Бу эса умуртқа поғонаси ва бутун таянч-ҳаракат тизимига зарар етказади.

Оғизни очиб-ёпиш вақтида қирсиллаган товуш чиқса, овқатни чайнаш ёки ютиш қийин бўлса, ортодонтга ташрифни кечиктирмаслик лозим. Шунингдек, тишларингиз текис бўлса-да, лекин яқинда бирор тишни олдирган бўлсангиз ва имплант ўрнатишга тайёргарлик кўрсангиз, буни ўз вақтида бажариш керак. Акс ҳолда қолган тишлар ўрнидан силжий бошлайди ва ортодонтга кўринишга тўғри келади.

Ўсимталар

Ўсимта деганда вақтида даволанмаган кариэс ёки протезлаш пайтида инфекция туфайли тиш илдизи яқинида пайдо бўлган кисталар тушунилади. Бунинг хавфли томони шундаки, киста ҳеч қандай ташқи белги бермаслиги мумкин, уни даволамаслик эса бош оғриғидан ҳам жиддийроқ хавф туғдиради.

Киста нерв толаларига яқин жойлашади ва у ёрилиб кетса, ундаги барча зарарли моддалар қон оқимига ўтади. Шунинг учун киста аниқлангандан кейин уни дарҳол олиб ташлаш жуда муҳимдир.

Милк касалликлари

Фото: Shutterstock
Милклардаги оғриқларнинг сабаби тиш атрофидаги тўқималарда яллиғланиш жараёни кечаётганидадир. Касалликнинг дастлабки босқичи гингивит деб аталади, кейин эса пародонтит вужудга келади. Милклардаги оғриқ тишдаги касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин. Оғриқнинг илдизи бош мия нерв толаларигача етиб боради. Шу сабабли вақтида даволанмаган милклар ҳам сурункали бош оғриғи сабаби бўлиши мумкин.

Бруксизм

Тишларни ғижирлатиш тиббиётда бруксизм деб аталади. Бу организм ўзи идрок этмаган ҳолда жағларни қисиш ва тишларни ғижирлатиш одатидир. Бруксизм инсон ухлаётганда ёки муҳим бир ишга диққатини жалб қилган пайтида кузатилади. Бу ҳодиса тишларнинг емирилиши ва шикастланишига олиб келади ва бош оғриғини келтириб чиқаради.

Ақл тишининг чиқиши

Ақл тишининг ёриб чиқиши кўпинча қаттиқ оғриқ ва яллиғланиш билан кечиб, узоқ вақт давом этади ва этни ёриб чиқа олмаса, оғиз бўшлиғида нотўғри йўналиш танлайди. Айниқса, тишлар эгри бўлса, оғриқ бош мияга ва қулоққача етиб боради. Бу тиш билан боғлиқ муаммолар юзага келганда стоматолог-жарроҳ ёрдами керак бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Бош нима учун оғрийди? Кўпчилик тахмин қилмаган сабаблар