18:44 / 20.09.2024
38

XXI аср одамининг доимий “ҳамроҳи”: Аксарият касалликларнинг асл сабаби стрессми? (1-қисм)

XXI аср одамининг доимий “ҳамроҳи”: Аксарият касалликларнинг асл сабаби стрессми? (1-қисм)
ЖССТ маълумотларига кўра, стресс инсоният ҳаётига таҳдид солувчи беш асосий хавфли омилдан биридир. Руҳий зўриқиш, ортиқча асабийлашиш ва депрессия кўплаб касалликларни келтириб чиқариши сир эмас. Хўш, стресс пайдо бўлишининг сабаби ўзи нимада? Бунда инсон организмида қандай механизмлар ишга тушади? Унинг олдини олиш мумкинми?

ССВ Матбуот хизмати шу мавзуда Миллий тиббиёт маркази директори Мақсуд Саидов билан суҳбатлашди.

— Стресс — бу руҳий ҳолатми ёки физиологик? У нима сабабдан келиб чиқади?

— Стресс — инсон организмининг ўзи учун хавф деб ҳисоблаган ташқи омилларга нисбатан табиий ҳимоя реакцияси. Стрессни, жумладан руҳий ва жисмоний зўриқиш, саломатлик, оила, ишдаги муаммолар, носоғлом турмуш тарзи келтириб чиқариб, организмда мувозанатни бузади. Дейлик, кеча одатдагидан кечроқ ухлаганингиз туфайли бугун кун давомида ўзингизни ҳолсиз ҳис қиляпсиз — бу стресс. Ёки бирор касаллика шубҳа қилиб, шифохонада тегишли текширувлардан ўтдингиз. Натижаларни кутар экансиз, беихтиёр “Таҳлилларимнинг жавоби ёмон чиқса-чи?”, деган салбий ўй-ҳаёлларга борасиз — бу ҳам стресс. Яна бир мисол: тасаввур қилинг, ортингиздан ит қувлаяпти ёки шунчаки шу ҳолат юз бериши мумкинлигини ўйлаганингиз туфайли сизни бирдан ваҳима, қўрқув босди — иккала ҳолатда ҳам организмда бир хил ўзгаришлар юз беради. Аслида ҳар қандай ҳодиса, ҳох у ҳаётингиздаги энг қувончли онлардан бири бўлсин, ҳоҳ ортингиздан ит қувласин, организмда стресс билан бошланади.

Стресс пайдо бўлишига сабаб бўладиган асосий омиллардан бири ноаниқликдир. Бу икки жиҳат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, келажакда сизни нималар кутаётгани номаълум ва бу сизни ташвишга солади. Бу ҳам стресс пайдо бўлишига олиб келади. Қисқа қилиб айтганда, сизга алоқадор бўлган воқеликни бошқара олмасангиз, унинг қандай якун топиши ноаниқ бўлса, мия турли сценарийларни таҳлил қилиб, организмда стресс занжирини ишга туширади.

— Айтинг-чи, стресс пайтида инсон организмида нималар кечади?

— Бу ҳолатда қандай ўзгаришлар рўй беришини тўлиқ тушиниш учун асаб тизимининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтиш лозим. Асаб тизими икки асосий қисмга бўлинади — марказий ва периферик. Периферик асаб тизими, ўз навбатида, яна иккига бўлинади — соматик ва вегетатив. Биринчисини тўлиқ бошқаришимиз мумкин. Масалан, қўлингизни кўтармоқчи бўлсангиз ёки бошқа хатти-ҳаракатни амалга оширмоқчи бўлсангиз, соматик асаб тизими мияга тегишли импульс юборади.

Вегетатив асаб тизими эса автоматик равишда ишлайди, уни бошқара олмаймиз. У органларнинг ишлашини таъминлаш, гомеостаз, яъни организмнинг ички мувозанатини сақлаш, инсоннинг атроф-муҳитдаги ўзгаришларга мослашишига жавоб беради. Стрессни ҳам айнан шу тизим ишга туширади. Бунда стресс гормони, яъни кортизол ва адреналин ишлаб чиқарилади. Стресс ҳис қилаётган инсон, энг аввало, эҳтимолий хавф даражасини баҳолайди. Унда юрак уриши тезлашади, қон босими кўтарилади, бронхлар кенгайиб, овқат ҳазм қилиниши секинлашади, инсон кўп терлайди, диққат кучаяди.

— Стресс қандай касалликларни келтириб чиқариши мумкин?

— Тан олиш керак, стресснинг фойдали жиҳатлари ҳам бор. Сабаби, бу ҳимоя механизми бизга инқирозли, экстремал вазиятларда омон қолишга ёрдам беради. Бироқ бу ҳолат доимий равишда рўй бериши организмга жиддий зарар етказади. Хусусан, юрак-қон томир тизимига юклама ортади, ҳужайрларнинг қариши тезлашади, — дейди мутахассис.

Қолаверса, доимий стресс инсоннинг иммун тизимини зафилаштиради. Бунинг оқибатида эса “ухлаб ётган” касалликлар қўзғалади, мавжудлари эса кучаяди. Стресс гормонларининг бетартиб ишлаб чиқарилиши қандли диабет ривожланиши, юзда тошмалар пайдо бўлиши, соч тўкилиши, кескин озиб кетиш, ошқозон яраси ва бошқа жиддий патологияларга олиб келиши мумкин.

Бундан кўриниб турибдики, стресс кўпчилик ўйлагандек руҳий ҳолатга эмас, балки турли физиологик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин бўлган реакциядир.

— Стрессдан қутилиш учун нималарга амал қилиш керак?

— Биринчи навбатда, инсон стресснинг асл моҳиятини англаши, яъни уни кўзғатувчи омилларни аниқлаб, уларнинг олдини олиши керак. Стрессли вазиятга тушиб қолсангиз, ваҳима босишига йўл қўйманг, чуқур нафас олиб, тинчланишга ҳаракат қилинг.

Бундан ташқари, мунтазам жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш тавсия этилади. Сабаби жисмоний фаоллик “бахт” гормонлари ишлаб чиқарилишига ёрдам беради ва инсоннинг кайфиятини кўтаради.

Стресснинг олдини олишда соғлом уйқу, тўғри овқатланиш, яъни фойдали витамин ва минералларга бой бўлган маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш ҳам муҳим роль ўйнайди.

Агар стрессдан мустақил равишда қутила олмасангиз, ёрдам сўраб яқинларингиз ёки шифокорга мурожаат қилишдан тортинманг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » XXI аср одамининг доимий “ҳамроҳи”: Аксарият касалликларнинг асл сабаби стрессми? (1-қисм)