19:30 / 03.10.2024
35

Юрак етишмовчилиги қандай касаллик?

Юрак етишмовчилиги қандай касаллик?
Юрак мушаклари керакли миқдордаги қонни қуйиш учун зарур бўлган энергияни ишлаб чиқара олмай қолиши юрак етишмовчилиги касаллиги ҳисобланади. У кенг тарқалган юрак қон-томир хасталикларидан бири.

Статистик маълумотларга кўра, юрак етишмовчилиги касаллигига чалиниш хавфи аёлларга нисбатан эркакларда бир ярим баробар ортиқ экан. Хўш, ушбу касалликнинг турлари, белгиллари, даволаш усуллари қандай? Шу каби саволларга Миллий тиббиёт маркази кардиологи, олий тоифали врач Ойбек Абдуҳолиқов жавоб беради.

— Юрак чап қоринчасидан кислородга бой қон танадан органларга помпаланади ҳамда уларни кислород ва озиқ моддалар билан таъминлайди. Органларга етказиб берилгандан сўнг, кислород миқдори паст бўлган қон танадан юракнинг ўнг томонига, у ердан ўпкага етказилган жойга қайтади. Ўпкада қон кислород билан бойитилади, шунда у яна чап қоринча орқали бутун танага қуйилиши мумкин.

Юрак етишмовчилигида юракнинг насос функцияси заифлашади. Одатда, юракнинг ўнг томони (ўнг томонлама юрак етишмовчилиги) ёки юракнинг чап томони (чап томонлама юрак етишмовчилиги) таъсирланади.

Прогрессив юрак етишмовчилигида юракнинг иккала томони таъсирланиши (глобал юрак етишмовчилиги) ҳам кузатилиши мумкин.

Касалликнинг қандай кечиши юракнинг қайси қисмида юзага келганига қараб, чап томонлама, ўнг томонлама, глобал, систолик, диастолик, сурункали ўткир юрак етишмовчилиги каби турларга бўлинади.

— Юрак етишмовчилигига сабаб бўлувчи омиллар қайсилар?

— Юрак етишмовчилиги бир қатор касалликларнинг салбий оқибатлари сабаб юзага келиши мумкин. Хусусан, сурункали юрак етишмовчилигининг энг кенг тарқалган сабаби бу — коронар артерия касаллиги ҳисобланади. Бу касаллик коронар томирларнинг (коронар артериялар) торайиши натижасида пайдо бўлади.

Шунингдек, юқори қон босими (гипертония) одамларнинг деярли 20 фоизида юрак етишмовчилигини юзага келтиради. Юқори қон босими юрак ишини доимо қийинлаштиради. Юрак узоқ вақт давомида қўшимча стресс остида ишлай олмайди ва шунинг учун таназзулга учрайди.

Юрак уриши тезлиги пасайиши брадикардия ёки аксинча унинг тез уриши тахикардия ҳам юрак етишмовчилигини юзага келтириши мумкин. Бундан ташқари, ирсий касалликлар, ҳомиладорлик, аутоиммун касалликлари, алкогол, гиёҳвандлик ёки дорилар, қалқонсимон безнинг ҳаддан ташқари фаоллиги ва метаболик касалликлар (қандли диабет) ҳам юрак етишмовчилигига сабаб бўлади.

— Касалликнинг асосий белгилари қайсилар?

— Юрак етишмовчилигининг ҳар бир тури турли хил аломатларга эга ва аломатлар интенсивлиги билан фарқ қилиши мумкин. Бироқ, юрак етишмовчилигининг асосий аломати жисмоний машқлар пайтида ёки дам олиш пайтида нафас олишнинг қийинлашишидир. Огоҳлантириш белгиларига эса енгил куч сарфланганда терлаш, текис ётиш мумкин имконсиз бўлиб қолиши, кўкракда сиқилиш пайдо бўлиши ёки оёқлар шишиши киради. Ушбу белгиларни ўзингизда сезсангиз, тезда оилавий шифокорингиз ёки кардиолог мутахассисга мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Миллий тиббиёт маркази
Матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Юрак етишмовчилиги қандай касаллик?