07:34 / 25.10.2024
57

Руҳий саломатлик учун фойдали бўлган 6 та машғулот

Руҳий саломатлик учун фойдали бўлган 6 та машғулот
Дунё аҳолисининг 26 фоиздан 33 фоизгача бўлган қисми ҳаётининг турли даврларида руҳият билан боғлиқ хасталиклардан азият чекади. Бу ҳаёт сифатини сезиларли даражада пасайтиради ва умр давомийлигига салбий таъсир кўрсатади. Инсонларнинг хоббиси эса руҳий саломатликка фойдали таъсир кўрсатиши мумкин.

Лондон Университети олимлари севимли машғулотларимиз депрессия аломатларини камайтириши ва кексаликда ҳаётдан қониқиш ҳиссини ошириши мумкинлигини аниқлади. Қуйидаги руҳий саломатлик учун фойдали бўлган ва барча учун қулай ва мос келадиган машғулотларни кўриб чиқамиз.

Йога

Йога — бу инсоннинг маънан ва жисмонан ўзини ўзи англашига ёрдам берадиган фалсафа ва жисмоний машқлар тўплами. Йогада спортдан фарқли ўлароқ кескин ҳаракатлар қилинмайди ва барча машқлар танангизга ноқулайлик туғдирмаслик учун оддий ва табиий равишда амалга оширилади. Йога нафақат шарқ мамлакатларида, балки ғарбда ҳам машҳур. Кўп ҳолларда йога билан шуғулланиш таянч скелетлари — ҳаракатланиш тизими бузилган инсонларга муқобил терапия сифатида тавсия қилинади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, йога депрессияни енгиллаштиради ва стресс гормони ишлаб чиқарилишини камайтиради. Масалан, асан машқларини бажаришда ўзликни англаш, диққатни жамлаш ва нафас олиш ритмини бир маромда ушлаб туриш орқали парасимпатик асаб тизимини ишга туширади. Ушбу тизим организм ўзини бўш қўйиши ва дам олиши учун жавобгар бўлиб, юрак уриши, овқат ҳазм қилиш ва бошқа функцияларни тартибга солади.

Боғдорчилик

Тадқиқотларга кўра, боғдорчилик билан шуғулланиш руҳий саломатликка фойдали таъсир қилади, ҳаёт сифатини оширади ва инсонга ўзидан мамнунлик ҳиссини беради. Турли ўсимликларни парвариш қилиш психотерапияда “боғдорчилик терапияси” деб номланиб, мазкур амалиёт травмалардан кейин юзага келган стрессда ва депрессияга тушган беморларни реабилитация қилишда қўлланилади. Шунингдек, боғдорчилик билан шуғулланадиган кекса инсонлар камроқ ташвишланади ва ўзларини руҳан тетик ҳис қилади.

Боғда ишлаш ёки хонаки ўсимликларни парвариш қилиш вақтида ўз меҳнат маҳсулини кўриш янада янги ютуқларни режалаштиришимизга туртки беради. Гўзаллик ва табиат ҳақидаги суҳбатлар дунёга ижобий қарашни ўргатади. Америкалик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, яқин инсонингиз билан биргаликда боғдорчилик қилиш руҳий ҳолатни яхшилайди.

Сув машғулотлари

АҚШ олимларининг фикрича, мунтазам сув машғулотлари депрессия ва ташвиш ҳиссини енгишга ёрдам беради. Бунинг учун сув билан боғлиқ ҳар қандай фаолият: спорт, сузиш, сув аэробикаси, ҳатто қирғоқ бўйлаб сайр ҳам мос келади.

Сузиш психикага самарали таъсир кўрсатадиган бир нечта муҳим омилни ўзида бирлаштиради: бу нафас олиш, жисмоний фаоллик ва сувни идрок этиш.

Нафас олиш

Стресс ва ташвиш тез-тез ва нотўғри нафас олишга олиб келади, бу эса ўпканинг гипервентиляциясини келтириб чиқаради. Нафасни назорат қилиш сузишнинг табиий элементидир. Йога амалиётларда бўлгани каби, сузиш ва нафасни бир маромда ушлаш парасимпатик тизимни фаоллаштиради.

Жисмоний фаоллик

Жисмоний фаолликнинг руҳий саломатлик учун фойдаси тадқиқотлар билан исботланган. 2022 йилда чоп этилган мета-таҳлил жисмоний фаоллик депрессиянинг ривожланиш хавфини камайтиришини тасдиқлади. Олимлар психотерапевтларни беморларнинг руҳий саломатлигини яхшилаш учун жисмонан фаол бўлишга ундашга чақирди.

Сув ҳақида фикр юритиш

Сувнинг тинчлантирувчи таъсири бор деган гап бежизга айтилмаган. Ўтган асрлардаги шифокорлар ҳам баъзи руҳий касалликларни даволаш учун сузиш ва қайиқда саёҳатлардан фойдаланган. 2015 йилда денгиз биологи Уоллес Ж. Николс ўз китобида сузиш ёки оддийгина сув ҳавзалари яқинида бўлиш стресс даражасини пасайтиришини ёзган.

Хор куйлаш

Инсонлар атрофдагилар билан биргаликдаги фаолиятга жалб қилинганда жамиятнинг бир қисми эканлигини ҳис қилади ва кайфияти яхшиланади. Ёлғизлик ва алоқанинг етишмаслиги инсонлар учун табиатан оғирдир.

Хор айтиш одамларнинг руҳий ҳолатига фойдали таъсир кўрсатади. Куйлаш жараёни ижрочиларнинг бирлашишига ва уларнинг овози бир хил тарзда, синхрон бўлишига ёрдам беради. Финляндия олимларининг аниқлашича, хорда қўшиқ айтиш кекса одамларнинг кайфияти ва умумий фаровонлигини яхшилайди, уларнинг ижтимоий алоқаларини мустаҳкамлайди. Аёллар қўшиқ айтишнинг фойдасини эркакларникидан юқорироқ баҳолайди.

Қушларни кузатиш

Birdwatching (инглиз тилида “қушларни кузатиш”) ҳаваскор тарзда қушларни кузатиш ва тинглаш терапиясидир. Мазкур амалиёт психотерапия нуқтаи назаридан унчалик кенг ўрганилмаган бўлса-да, ушбу машғулот миллионлаб инсонларнинг севимли хоббисига айланмоқда. Улар Shazam орқали қушларнинг куйлашларини эшитиши ва уларни фотосуратлардан аниқлашлари мумкин.

2022 йилда уч йиллик тадқиқот натижаси эълон қилинди: Урбан Минд иловасида қушларни кузатиш одамларнинг руҳий фаровонлигига таъсири ўрганилди. Натижада олимлар қушлар билан учрашиш ва уларнинг қўшиқларини тинглаш руҳий фаровонликни яхшилашини ва депрессия аломатларини камайтиришини тасдиқлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Руҳий саломатлик учун фойдали бўлган 6 та машғулот