16:41 / 04.12.2024
120

Тадқиқот: Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин

Тадқиқот: Спорт одамлар умрини беш йилга узайтириши мумкин
Спорт билан мунтазам шуғулланадиган одамлар юрак хасталиклари, диабет, депрессия, ақлий заифлик ва бошқа кўплаб муаммоларга камроқ дуч келади. British Journal of Sports Medicine журналида чоп этилган янги таҳлил эса жисмоний фаоллик узоқ умр кўришда ҳам муҳим рол ўйнашини кўрсатди. Бундан ташқари, аҳолининг энг фаол ва энг кам ҳаракат гуруҳлари ўртасидаги фарқлар қанчалик катта экани алоҳида қайд этилди.

Агар одамлар спорт билан фаол шуғулланса, ўртача умр кўриш давомийлигини беш йилга оширган бўларди, дейди янги тадқиқот муаллифлари.

Тадқиқот доирасида олимлар 40 ва ундан катта ёшдаги америкаликларни 2003 йилдан 2006 йилгача бўлган даврда жисмоний фаоллиги даражасига қараб тўрт гуруҳга ажратди. Сўнгра бир неча йил давомида ушбу гуруҳларнинг саломатлигини кузатди.

Бу даврда ўта фаол инсонларнинг бирор сабабдан вафот этиши эҳтимоли энг кам ҳаракат одамларга нисбатан 73 фоиз паст бўлди.

Ўлим хавфини икки баравардан ҳам кўпроқ камайтирадиган чора бор бўлса, бу, шубҳасиз, жисмоний фаолликдир”, — деди тадқиқот бош муаллифи ва Австралиянинг Гриффит университетида жамоат саломатлиги профессори бўлган Леннерт Веерман.

Тажрибада энг фаол одамлар кунига икки соат-у қирқ дақиқалик пиёда юриш даражасига тенг спорт турлари билан шуғулланган. Уларга етиб олиш учун энг кам ҳаракатли одамлар ўз кундалик тартибига деярли икки соатлик пиёда юриш машғулотини қўшиши керак бўлади. Бунинг уддасидан чиқишса, улар ўртача 10,9 йил кўпроқ умр кўриши мумкин. Бу ўта фаол кишиларнинг ҳар бир соатлик пиёда сайри, уларнинг умрига 6,3 соат қўшишини англатади.

Шу билан бирга, жисмоний машқлардан аллақачон “максимал доза олган” фаоллар учун бир соатлик сайр катта аҳамиятга эга бўлмайди, деб таъкидлайди Веерман.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, олинган натижалар жисмоний машқларнинг соғлиқ учун аҳамиятини яққол кўрсатмоқда. Аҳоли пунктларини лойиҳалаштиришда бу ҳолат албатта инобатга олиниши лозим.

Агар шаҳарлар сайр қилиш ва велосипедда юриш учун қулайроқ қилинса, биз нафақат умр кўриш давомийлигини оширишимиз, балки соғлиқни сақлаш тизимлари ва атроф-муҳитга бўлган юкламани ҳам камайтиришимиз мумкин”, — деб ҳисоблайди Веерман.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик