
Ортиқча вазндан қутулиш учун турли парҳезлар, машқлар ва ҳаёт тарзига оид тавсиялар бисёр. Улар орасида барчага таниш бўлган, йиллар давомида оммалашган, лекин илмий жиҳатдан самарасиз деб топилган тавсиялар ҳам бўлиб, улар инсонларни чалғитади ва натижада вазн ташлаш жараёнини янада мураккаблаштиради. Ушбу мақолада биз ортиқча вазндан халос бўлиш борасидаги энг кенг тарқалган, аммо фойдали бўлмаган алдамчи усулларни кўриб чиқамиз.
Оздирувчи чой ва қаҳвалар
Ҳеч қандай қийинчиликларсиз ортиқча килограммлардан қутулиш таклифи қанчалик жозибали ва ишонарли кўринмасин, шунчаки оздирувчи ичимликлар истеъмол қилиш орқали катта ўзгаришларга эришиш мушкул. Бундай ичимликлар биргина ҳолатда: ҳеч нарса емай, фақатгина оздирувчи ичимликлар ичганда ҳақиқатда вазн камаяди, аммо шу билан бирга соғлиқда ҳам жиддий муаммоларга тайёр туриш керак бўлади.
Ёғларни эритадиган коктейллар
Мазкур коктейллар таъсири калория танқислиги тамойилига асосланади: бунда истеъмолчи тушлик ёки кечки овқат ўрнига “сеҳрли” коктейл истеъмол қилади. Ҳа, бундай тарзда бир неча килограмм вазндан халос бўлиш мумкин, аммо мазкур усул овқатланиш одатларини ўзгартирмайди.Мўжизавий ичимликлардан воз кечишингиз ва одатдаги овқатланиш тартибига қайтишингиз биланоқ йўқотилган вазн яна ўрнига қайтади.
Озиқ-овқат плёнкаси билан ўраш
Озиқ-овқат плёнкаси билан танани ўраш усули кўп ҳолларда тезда вазн ташлашнинг оддий йўли сифатида тавсия қилинади. Бунда қорин, сон ёки қўлларга махсус суртиб, плёнка билан ўралади. Кўпинча бундай усул спорт билан бирга қўлланади, натижада тер ажралиши ортиб, тана суюқлик йўқотади.
Плёнка остида тер ажралиши кўпайгани учун тана суюқликни йўқотади ва натижада тана вазни бир оз камаяди. Бироқ бу ёғ йўқотилиши ҳисобига эмас, балки фақат суюқликнинг вақтинча чиқиб кетиши натижасида содир бўлади. Ичимлик ичилгандан сўнг тана яна олдинги вазнига қайтади.
Ёғларни эритувчи маҳсулотлар
Занжабил, грейпфрут, селдерей ва бошқа шу каби маҳсулотлар ҳақиқатан ҳам фойдали бўлиб, соғлом овқатланиш тарзи учун мосдир. Аммо бундай маҳсулотларга ортиқча баҳо бериб юбормаслик керак: афсуски, улар танадаги ортиқча ёғ захираларини эритишга қодир эмас.
Соат 12:00 дан аввал ва 18:00 дан кейин овқатланмаслик қоидаси
Калория, истеъмол қилинадиган маҳсулотлар ҳамда доимий ҳаракатда бўлишга эътибор қилмасангиз, вақт билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар фойда бермайди. Асосий урғу овқатланиш учун ажратган вақт оралиғига эмас, балки кун давомида нималар ва қанча миқдорда ейилишига берилиш лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар