
Болаларнинг тўлақонли уйқуси уларнинг соғлиғи ва тўғри ривожланиши учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Россиялик болалар эндокринологи, тиббиёт фанлари номзоди Анастасия Синицина уйқу етишмовчилиги организмга кўрсатадиган салбий таъсирлар ҳақида маълумот берди. Уйқу иммунитет, вазн, кайфият ва когнитив функцияларга жуда катта таъсир кўрсатади.
Уйқу етишмовчилиги қандай оқибатларга олиб келади?
Етарли уйқу олмаслик болалар ва катталарда қатор муаммоларга сабаб бўлади:
- Ҳиссий ҳолат бузилиши – асабийлик, одамовилик ва стресс ҳолатининг орттириши.
- Хотира ва диққат пасайиши – болаларда ўқув қобилиятининг сусайиши.
- Реакция тезлигининг пасайиши – организм ташқи таъсирларга 45%га камроқ жавоб қайтаради.
- Жисмоний ва ақлий ривожланишга таъсири – болаларда диққат етишмаслиги ва гиперактивлик синдроми белгилари ошиши.
Шунингдек, тўлақонли уйқу болаларнинг мактабдаги ўзлаштириш даражасини яхшилашга ёрдам беради. Атиги 20 дақиқалик қўшимча уйқу боланинг билим олиш қобилиятини сезиларли даражада ошириши мумкин.
Болалар учун тавсия этилган уйқу муддатлари
Педиатрлар ва шифокорлар болалар учун қуйидаги минимал уйқу соатларини тавсия қиладилар:
- 1 ёшдан 3 ёшгача – камида 11 соат.
- 3 ёшдан 6 ёшгача – камида 10 соат.
- 6 ёшдан 13 ёшгача – камида 9 соат.
- 13 ёшдан 17 ёшгача – камида 8 соат.
Уйқу фазалари ва уларнинг аҳамияти
Уйқу икки асосий фазага бўлинади: тез ва секин фазалар. Секин фазанинг учинчи босқичи болалар учун энг муҳим саналади, чунки айнан шу пайтда ўсиш гормони – соматотропин фаол ишлаб чиқарилади.
Соматотропин болаларда қуйидаги жараёнларга таъсир қилади:
- Бир текис ўсишга ёрдам беради.
- Мушакларни шакллантиришни тезлаштиради.
- Оқсил синтезини кучайтириб, унинг парчаланишини тўхтатади.
- Ёғ парчаланишини тезлаштиради ва мушак массасининг ўсишига ёрдам беради.
- Суяк тўқимасига кальцийнинг сўрилишини кучайтиради.
Қандай қилиб болаларда уйқу сифатини ошириш мумкин?
Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, болалар соат 22:00 дан кечикмай ухлашга ётиши керак. Чунки 23:00 – 01:00 оралиғида соматотропин максимал даражада ишлаб чиқарилади. Болаларда уйқу сифати юқори бўлиши учун қуйидагиларга риоя қилиш лозим:
1. Уйқудан 2-3 соат олдин овқатланишни тўхтатиш – айниқса, тез ҳазм бўладиган углеводлар (конфет, печенье, пирожный ва ҳ.к.).
2. Гаджетлар ва телевизорни уйқудан 2 соат олдин чеклаш – бу асаб тизимининг ортиқча қўзғалишини олдини олади.
3. Кун тартибини йўлга қўйиш – боланинг уйқуга ётиш ва уйғониш вақтини доимий равишда сақлаш.
Қандай ҳолларда мутахассисга мурожаат қилиш керак?
Агар бола тез-тез қўрқинчли тушлар кўрса, уйқусида бақирса ёки “ойпарастлик” қилса, бу уйқу муаммоларининг белгиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда, невролог ёки болалар эндокринологига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Тўлақонли уйқу болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланиши учун муҳимдир. У болаларнинг иммунитетини мустаҳкамлайди, стресс ҳолатларини камайтиради, хотира ва диққатни яхшилайди. Ота-оналар болаларининг кун тартибини тўғри йўлга қўйиб, уларга соғлом уйқу шароитларини яратиши жуда муҳимдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар