date
views 61

Ёғли таомлар ичакни “соқов” қилади: олимлар огоҳлантирмоқда

Ёғли таомлар ичакни “соқов” қилади: олимлар огоҳлантирмоқда
Фастфуд ва тўйинган ёғларга бой парҳез нафақат вазн ортишига, балки ичакнинг ички ҳимоя тизими издан чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Австралиялик олимлар “Immunity” илмий журналида эълон қилган сўнгги тадқиқот бу хавотирларни янада асосли қилди.

Бир ҳафталик ёғли овқат — ичакда яширин яллиғланиш

Тадқиқот доирасида сичқонлар бор-йўғи 7 кун мобайнида юқори ёғли парҳезда сақланди. Кузатув натижасида уларнинг ичак деворлари қалинлашди, яллиғланишга олиб келувчи иммун ҳужайралар тўпланиши бошланди ва, энг хавфлиси, IL-22 номли муҳофаза оқсили ишлаб чиқарилиши сезиларли даражада пасайди.

IL-22 оқсили, одатда, ичак деворининг тикланиши ва унинг “тўсиқ” функциясини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Унинг етишмаслиги, олимларнинг таъкидлашича, ичакни сурункали яллиғланиш ва бошқа касалликларга мойил қилиб қўяди.

“Сезилмас” оғриқ — оғир оқибат

“Ёғли овқатлар келтириб чиқарадиган яллиғланиш шунчаки оғриқ билан бошланмайди. У секин-аста, белгисиз ҳолда ривожланиб, кейинчалик жиддий саломатлик муаммоларини келтириб чиқаради”, дейди тадқиқот муаллифлари.

Агар бундай парҳез давом этса, иммун тизим оғриқ белгиларига кеч ва кам даражада жавоб қайтариши мумкин. Бунда организм яллиғланишни “табиий” ҳолат сифатида қабул қила бошлайди, бу эса барқарор иллатларга олиб келади.

Чора борми? — Ёғларни танлаш муҳим

Олимлар фастфуд ва тўйинган ёғлардан воз кечишни ҳамда парҳезда ёғ манбасини ўзгартиришни тавсия этмоқда. Масалан, ёнғоқ, авокадо ва балиқ каби тўйинмаган ёғларга бой маҳсулотлар ичак учун анча фойдали. Бу турдаги ёғлар IL-22 ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаб, яллиғланиш хавфини камайтиради.

Саратон хавфи ҳам ортмоқда

Апрель ойида эълон қилинган испан олимларининг тадқиқотига кўра, ёғли таомлар нафақат ичак, балки умуман организмдаги ўсмалар учун ҳам хавф туғдиради. Чунки улар тромбоцит фаоллигини ошириб, “фибронектин” номли оқсилнинг миқдорини кўпайтириб юборади. Бу эса ўсимталарнинг метастазланиши учун қулай муҳит яратади — хусусан ўпкада.

Zamin.uz таҳририятидан:
Қисқа муддатли лаззатлар узоқ муддатли муаммоларга айланмаслиги учун ҳар бир инсон таомномасини тўғри йўналтириши зарур. Ёғли парҳезга мойиллик нафақат ташқи кўриниш, балки ички ҳаётий аъзоларга таъсир қилиши ҳамда жуда жиддий касалликларга замин яратиши мумкин. Сиз бу ҳақда илгари ўйлаб кўрганмисиз?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ёғли таомлар ичакни “соқов” қилади: олимлар огоҳлантирмоқда