date

Фарзандингиз ҳали ҳам тагини ҳўллаяптими? Мутахассислар огоҳлантирмоқда!

Фарзандингиз ҳали ҳам тагини ҳўллаяптими? Мутахассислар огоҳлантирмоқда!
Ўз фарзандининг кечаси пешоб тута олмаслиги — яъни энурез ҳолатини кўпчилик ота-оналар унчалик жиддий муаммо деб ҳисобламайди. “Бола улғайиб тўғриланади”, дейдиганлар анчагина. Аммо бу ҳолат 5 ёшдан кейин ҳам давом этса-чи? Айниқса, ўсмир қизларда бу ҳолат келажакда руҳий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Энурез — оддий одат эмас, клиник ҳолат
Тошкент шаҳар болалар руҳий-асаб касалликлари маркази мутахассиси Адиба Ҳошимованинг маълумотларига кўра, энурез — уйқу пайтида ихтиёрсиз равишда пешоб ажратиш билан намоён бўладиган касаллик бўлиб, 5 ёшдан ошган болаларда албатта эътиборга олиниши керак.

Тадқиқотларга кўра, 5 ёшли болаларнинг 10 фоизида, 10 ёшлиларнинг 5 фоизида, 14 ёшга кирганларнинг эса 2 фоизида учрайди. Ҳатто 18 ёшга етган ҳар 100 боладан бирида бу муаммо сақланиб қолиши мумкин. Қизларга қараганда ўғил болаларда 1,5–2 баравар кўпроқ кузатилади.

Сабаблар кўп, масъулият ота-онада
Мутахассисларнинг таъкидлашича, энурезнинг келиб чиқишига қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
- Марказий асаб тизимининг тўлиқ шаклланмаганлиги;
- Инфекциялар;
- Қабзият ва ахлат тута олмаслик;
- Ошқозон-ичак тизими бузилиши, сурункали тонзиллит;
- Оиладаги руҳий зиддиятлар, стресс;
- Наслий омиллар (ота-онадан бири ёки иккисида бўлган бўлса, хавф даражаси юқори).

Агар ота-онадан иккаласида ҳам энурез кузатилган бўлса, фарзандда бу ҳолат пайдо бўлиш эҳтимоли 77 фоизга етади.

Энурезни даволаш мумкин, лекин сабр талаб этилади
Энг аввало, психиатр ёки невропатологга мурожаат қилиш лозим. Шифокор боланинг умумий аҳволи, оиладаги вазият, олдинги касалликлари, туғма ҳолатлари ва умуртқа поғонасининг структураси каби кўплаб омилларни ўрганиб чиқади.

Даволаш бирёқлама эмас — комплекс ёндашув зарур:
- Тинчлантирувчи дори воситалари, витаминлар,
- Физиотерапия (парафин, нуқтали массаж),
- Шамоллашга қарши даволаш,
- Жисмоний машқлар, хусусан сузиш билан шуғулланиш.

Сузиш нафақат жисмоний чиниқиш, балки бола руҳиятининг тикланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Бу спорт тури йил давомида мунтазам олиб борилса, натижаси аниқ сезилади.

Оилавий муҳит ва ота-онанинг роли — муҳим калит
Мутахассислар огоҳлантиради: доим тергов, доим танбеҳ бола руҳиятини эзади. Энурез — боланинг айби эмас. Айниқса, 5 ёшгача бўлганларда бу ҳолат физиологик деб баҳоланади. Агар оилада зиддиятлар, уруш-жанжал, ота-онанинг бефарқлиги мавжуд бўлса, бу болага салбий таъсир кўрсатиб, энурезни кучайтиради.

Энурез ижтимоий фожиа бўлмасин
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, энурез билан оғриган болаларнинг 40 фоизида руҳий бузилишлар кузатилади. Бола ўзини жамиятдан чеклай бошлайди, дўстлари орасида ўзини ноқулай ҳис қилади, мактабда ўзлаштириши пасаяди. Бу эса нафақат ҳозирги ҳаётига, балки келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Шундай экан, фарзандингизда бу муаммо бор бўлса, кечиктирманг. Уни айбламанг, аксинча, мутахассисга олиб боринг. Эсда тутинг: энурез — ёлғиз болани эмас, бутун оилани қийнаши мумкин. Даво эса бор, лекин сабр ва эътибор билан!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Фарзандингиз ҳали ҳам тагини ҳўллаяптими? Мутахассислар огоҳлантирмоқда!