date

“Гўдак ҳаракатсизми ёки ҳаддан ортиқ таранг?” Мутахассислар мушак тонуси ҳақида огоҳлантирмоқда

“Гўдак ҳаракатсизми ёки ҳаддан ортиқ таранг?” Мутахассислар мушак тонуси ҳақида огоҳлантирмоқда
Боланинг ҳаракатларида ғалати ҳолатлар сезиляптими? Мушак тонуси муаммоси бўлиши мумкин!
Янги туғилган чақалоқнинг тинч ухламаслиги, овқатдан тез-тез қайт қилиши ёки доимий таранг ҳолатда ётиши ота-оналарда жиддий хавотир уйғотиши керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, гўдаклардаги мушак тонуси мувозанатининг бузилиши, яъни гипертонус ёки гипотонус ҳолатлари бола ҳаракатлари, ривожланиши ва ҳатто ички аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Гипертонус – тананинг ҳаддан ташқари таранглиги
Мушак гипертонияси — бу чақалоқ мушакларининг нормал ҳолатидан ортиқ сиқилган ва таранг бўлишидир. Бундай гўдаклар одатда қўлларини букиб, кўкрагига босган ҳолатда, муштларини қаттиқ сиқиб ухлашади. Ҳатто ухлаш пайтида ҳам бўшашиш ҳолати кузатилмайди. Юзида қалтираш, сабабсиз йиғи, безовталик белгилари кўп бўлади.

Гипертонусли болаларда ҳаракат рефлекслари бузилган бўлади. Масалан, уларнинг оёқлари кафтига эмас, бармоқлар учига таянган ҳолатда бўлади. Бундай ҳолат 1,5 ойдан кейин йўқолиши лозим бўлса-да, гипертонусли гўдакларда бу ҳол узоқроқ давом этади.

Бундай бола ўз вақтида эмакламайди, ўтирмайди ёки юрмайди. Юришда мувозанатни сақлай олмайди, тез чарчайди. Уйқуси бузилади, овқатдан қайт қилиши кўпаяди — буларнинг барчаси гипертонуснинг салбий оқибатларидандир.

Гипотонус – мушаклардаги заифлик ва бўшашиш
Мушак гипотонияси эса аксинча — мушаклар етарлича таранг эмас, бўшашган ҳолатда бўлади. Бундай гўдаклар "қурбақа ҳолати"да ётади: қўллари тана бўйлаб ётган, оёқлари ён томонга ёзилган, муштлари тугилмаган ҳолатда бўлади. Бош, қўл ва оёқлар пастга осилиб туради, ҳаракатлар суст бўлади.

Гипотонусли болалар одатда кам йиғлайди, кўкракни яхши эммайди, вазни етарли ошмайди. Улар бошни ушлай олмайди, буюмларни қўлига ололмайди ва тенгдошларидан анча орқада ривожланади. Ҳаракатсизлик туфайли суяк ва мушаклар ўсиши секинлашади. Келажакда эса сколиоз, кифоз, қомат бузилиши каби ҳолатлар юзага келади.

Даво эрта бошланганида — натижа яхши бўлади!
Яхши янгилик шундаки, боланинг асаб тизими тикланиш хусусиятига эга. Шунинг учун мушак тонусидаги муаммо эрта аниқланса, даволаш самарали бўлади. Даво усуллари қаторига қуйидагилар киради:
- Массаж ва физиотерапия (ультратовуш, электрофорез, магнитотерапия);
- Гимнастика ва сузиш машғулотлари;
- Баъзан дори воситалари.

Тажрибали мутахассислар болаларнинг ҳаракат ҳолатига қараб индивидуал муолажалар белгилайди. Энг муҳими — ота-оналар ҳушёр бўлиши, боланинг ҳар бир ҳаракати, ухлаш, овқатланиш одатларига эътибор бериши лозим.

Агар гўдак ҳаракатсиз ёки ғалати ҳолатда ётаётган бўлса, буни «одатий ҳол» деб ўйламанг. Мушак тонусидаги ҳар қандай оғиш келажакда жиддий ривожланиш муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Мутахассисга вақтида мурожаат қилинг — бу боланинг соғлом ҳаёти сари қўйилган муҳим қадам бўлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » “Гўдак ҳаракатсизми ёки ҳаддан ортиқ таранг?” Мутахассислар мушак тонуси ҳақида огоҳлантирмоқда