date

Соғлом ва чиройли сочлар сири: ҳар кунлик тўғри парвариш қоидалари

Соғлом ва чиройли сочлар сири: ҳар кунлик тўғри парвариш қоидалари
Соч инсон ташқи кўринишининг энг муҳим қисмларидан биридир. Юриш-туришдан тортиб, одамнинг умумий образигача — барчасида соч муҳим рол ўйнайди. Аммо кўпчилик унга фақат сартарошга боришда эътибор қаратади. Аслида эса соғлом ва жозибадор сочлар мунтазам ва тўғри парвариш талаб этади.

Кунига 50-100 тола соч тўкилади – бу меъёр. Аммо…
Инсон бошида ўртача 100 мингга яқин соч бўлади. Шулардан кунига 50-100 таси табиий тарзда тўкилади. Аммо бу сон ортса, масалага жиддий қараш керак бўлади. Айниқса, эркаклар кўпинча соч соғлигига эътиборсизлик қилишади. Бу эса вақт ўтган сайин қийин тикланадиган муаммоларга олиб келиши мумкин.

Тўғри воситаларни танланг – бу муваффақиятнинг ярми
Ҳар бир инсоннинг соч тури ўзига хос бўлади: ёғли, қуруқ, аралаш ёки нормал. Шу сабабли шампун ва бальзамни айнан соч турига мослаб танлаш лозим. Агар ўзингизда шубҳа бўлса, тажрибали сартарош ёки дерматолог билан маслаҳатлашиш фойдали бўлади.

Соч ювиш – тозалик ва парваришнинг бошланиш нуқтаси
Сочни тоза сақлаш уни соғлом ушлаб туришнинг энг асосий омилларидан биридир. Ёғли сочларни 2-3 кунда, қуруқ сочларни эса 5-6 кунда ювиш тавсия этилади. Жуда иссиқ сувдан фойдаланиш эса соч илдизларига зарар етказиши мумкин.

Тараш – сочлар учун табииий массаж
Сочни ҳар куни тараш нафақат чиройли кўриниш, балки бош терисидаги қон айланишини фаоллаштириш учун ҳам муҳим. Бу ёғ безлари фаолиятини тартибга солади ва сочлар бўйлаб табиий намланишни таъминлайди. Бироқ ҳўл сочни тортиб тараш эмас, балки эҳтиёткорлик билан тараш керак.

Қуритиш – оддий, аммо эътиборли жараён
Ёғли ёки нормал сочлар фен билан қуритилиши мумкин, лекин қуруқ сочлар учун бу усул зарарли. Бундай сочлар юмшоқ сочиқ ёрдамида аста қуритилиши лозим.

Сочни калталатиш – соғлом ўсиш кафолати
Сочни ҳар 3-4 ҳафтада сартарошга олиб бориб, учларини калталатиб туриш тавсия этилади. Бу нафақат чиройли кўриниш, балки сочларнинг синишини олдини олиш учун ҳам зарур.

Бош терисига эътибор беринг – муаммо илдизи шу ерда
Қичишиш, қизиш, кепакланиш ёки шўраланиш — булар бош терисидаги муаммолар белгиси. Соч тўкилиши, ёғланиш ёки қуриш ҳам организм ички мувозанатининг бузилганидан дарак беради. Шунинг учун вақтида дерматолог ёки трихологга мурожаат қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Бош кийим – фаслларга мос ҳимоя воситаси
Совуқ ҳавода соч илдизлари музлаб, тўкила бошлаши, жазирама ёзда эса қуёш таъсиридан қуриб, синиши мумкин. Бундай салбий таъсирларни камайтириш учун қишда иссиқ, ёзда эса енгил ва ҳавони ўтказадиган бош кийим кийиш лозим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Соғлом ва чиройли сочлар сири: ҳар кунлик тўғри парвариш қоидалари
-->