date

Қуёшда қолган ичимлик саратон хавфини кучайтиради

Қуёшда қолган ичимлик саратон хавфини кучайтиради
Ёзнинг иссиқ, чанқоқни қўзғатувчи кунларида совуқ ичимликларга бўлган талаб ошиб боради. Газланган сувлар, энергетиклар, рангли ёки ширали маҳсулотлар деярли ҳар бир дўкон ёки йўл ёқасида сотувга қўйилади. Бироқ кўп ҳолларда бу маҳсулотлар қуёш тиғи остида, санитар талаблар бажарилмаган ҳолда сақланади. Бундай шароитда ушбу ичимликлар инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Масалан, пластик идишлардаги ичимликлар тўғри ҳароратда сақланмаса, улар таркибидаги зарарли моддалар – бисфенол А, формальдегид, фталат, стирол каби кимёвий қўшимчалар эркин ҳолатга ўтиб, суюқликка аралашади. Бу моддалар эса асаб ва эндокрин тизимни зарарлайди, иммунитетни сусайтиради ва ҳатто онкологик касалликлар хавфи ортади.

Республика ихтисослаштирилган онкология маркази мутахассиси Олимжон Имомов таъкидлаганидек, бундай ичимликлар организмда оқсил ва ёғлар алмашинувига салбий таъсир қилиб, репродуктив ва мия фаолиятига ҳам зарар етказиши мумкин.

Шунингдек, рангли ва газли ичимликларда кўпинча сунъий моддалар бўлади. Улар қуёш таъсирида ўзгариб, аллергия, гиперфаоллик, жигар ва буйракка ортиқча юклама каби муаммоларни келтириб чиқаради.

Энергетик ва кофеинли ичимликлар эса ўзига хос муаммо туғдиради: улар организмни сувсизлантиради, яъни организм суюқликни сақлаш ўрнига ундан тез халос бўлади. Бу эса қон босимининг тушиши, бош оғриғи ва ҳолсизликка сабаб бўлади.

Қуёшда сақланаётган ичимликларда бактериялар ривожланиши эҳтимоли ҳам юқори. Агар идиш ифлос бўлса ёки қопқоғи очилган бўлса, улар орқали дизентерия, сальмонеллёз ва ичак таёқчаси каби хасталиклар юқиши мумкин.

Нима қилиш керак?
– Қуёш нури остида турган ичимликлардан воз кечинг;
– Савдо нуқтаси ва сотувчи гигиенасига эътибор беринг;
– Уйда тайёрланган табиий шарбатлар, совуқ кўк чой ёки газланмаган сувни танланг.

Соғлигингиз ўз қўлингизда. Чанқоқни босиш учун қулай, аммо хавфли ечимларни эмас, табиий ва хавфсиз ичимликларни танлашни одат қилинг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қуёшда қолган ичимлик саратон хавфини кучайтиради