date

Ёз фаслидаги яширин хавф: ичак инфекцияларидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Ёз фаслидаги яширин хавф: ичак инфекцияларидан қандай ҳимояланиш мумкин?
Ёз фасли — барча учун қуёш, таровати келиб турган янги сабзавот-у мевалар ва орзиқиб кутиладиган таътиллар вақти. Лекин айнан шу фаслда касалхоналарга ичак инфекциялари билан мурожаат қилиш сони кескин кўпайиши кузатилади. Бунинг сабаби нимада ва ўзимиз ҳамда фарзандларимизни қандай ҳимоя қила оламиз?

Ичак инфекциялари нима учун ёзда тез тарқалади?

Фелдшер Аружан Хантуринага кўра, ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича плюс 25 даражадан ошиб кетганда бактерия ва вируслар озиқ-овқатларда ҳам, қўлларда ҳам жадал суръатда кўпая бошлайди. Айниқса, иссиқда нотўғри сақланган озиқ-овқат маҳсулотлари бир неча соат ичида хавфли инфекция манбаига айланади.

Мутахассис таъкидлашича, айниқса, салмонеллёз, дизентерия, ротавирус ва озиқ-овқат токсикоинфекциялари кўп учрайди. Бунда болалар, кексалар ва иммунитети паст бўлган инсонлар алоҳида хавф остида туришади. Уларда касалликнинг ҳатто енгил кўриниши ҳам жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.

Касалликларнинг асосий сабаби: гигиенага эътиборсизлик

Тиббиёт ходими таъкидлашича, барча ичак инфекцияларининг 70 фоизи айнан кир қўллар орқали юқади. Одамлар кун давомида пул, эшик тутқичлари, телефонлар ва турли буюмларга тегинадилар, кейин эса овқатланиш пайтида қўл ювишни унутадилар. Бу эса бактерия ва вируслар учун қулай шароит яратиб беради.

Мутахассис маслаҳатига кўра, қўлларни овқатдан олдин, ҳожатхонадан кейин ва кўчадан келганингиздан сўнг камида 30 сония совун билан яхшилаб ювиш лозим. Қўшимча равишда, антисептик воситалардан, айниқса, табиат қўйнида кўпроқ фойдаланиш зарур. Тирноқлар тозалиги ҳам жуда муҳим, чунки уларнинг остида кўплаб микроблар тўпланиши мумкин.

Маҳсулотларни қандай сақлаш керак?

Ёзда сут маҳсулотлари, гўшт, тухум, тайёр салатлар ва майонезли соуслар айниқса хавфлидир. Мутахассис бозордан музлатгичсиз сотиладиган гўшт ва сут маҳсулотларини умуман сотиб олмасликни тавсия қилади. Бу жойларда музлатгич йўқлиги ва ҳашаротларнинг кўпайиши маҳсулотларнинг сифатига салбий таъсир қилади.

Шунингдек, озиқ-овқатлардаги кичик ўзгаришларга ҳам диққат қилиш муҳим. Ҳатто озгина нордон таъм ёки ғалати ҳид ҳам инфекция мавжудлигини билдириши мумкин.

Сув сифати ва хавфсизлиги

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эслатишига кўра, ёзда энтеровируслар, салмонелла ва бошқа касалликларни юқтириш хавфи ортади. Кўп ҳолларда улар нотоза сув ва ювилмаган мева-сабзавотлар орқали юқади. Айниқса, чет элда дам олиш ёки саёҳат пайтида қадоқланган ёки филтрланган сувни ичиш тавсия қилинади.

Болалар хавфсизлиги

Фелдшернинг айтишича, болаларда инфекциялар кўпинча оғир кечади ва сувсизланишга олиб келади. Шу сабабли улар ўйнайдиган барча ўйинчоқ ва буюмларни мунтазам равишда дезинфекция қилиш керак. Болалар ердан ёки қумдан тушган озиқ-овқатларни истеъмол қилишларига йўл қўймаслик жуда муҳим.

Аптечкада бўлиши керак бўлган зарур воситалар

Мутахассис таъкидлаганидек, ёзда саёҳатга чиқишдан олдин қўйидаги воситалардан иборат аптечкани йиғиб қўйиш тавсия қилинади:

- Антисептик воситалар;
- Энтеросорбентлар (фаоллаштирилган кўмир);
- Ҳароратни туширувчи дорилар;
- Диареяга қарши воситалар;
- Шахсий идишлар ва нам салфеткалар;
- Қадоқланган сув — камида бир кунлик захира.

Қандай белгилар шифокорга мурожаат қилишни талаб этади?

Агар сиз ёки фарзандингизда қусиш, иситма, ич кетиши, оғиз қуриши ва ахлатда қон каби белгилар кузатилса, дарҳол профессионал тиббий ёрдам олиш лозим. Бу ҳолатлар жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.

Ичак инфекцияларининг олдини олишнинг асосий қоидалари

- Овқатланишдан олдин ва кейин қўлларни яхшилаб ювиш;
- Мева-сабзавотларни оқар сувда ювиш;
- Гўшт, тухум, балиқ маҳсулотларига пухта ишлов бериш;
- Қайнатилган ёки қадоқланган сувни истеъмол қилиш;
- Ҳашаротларга қарши репеллентлардан фойдаланиш;
- Санитария-эпидемиология рухсат берган жойлардагина чўмилиш.

Шу оддий, бироқ муҳим қоидаларга амал қилиш билан ёз фаслида соғлигингизни асраб қолишингиз мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ёз фаслидаги яширин хавф: ичак инфекцияларидан қандай ҳимояланиш мумкин?