Кўпчилик тузни фақат овқатга мазза бериш учун қўлланадиган оддий зиравор деб ўйлайди. Аммо ҳақиқатда, унинг асосий қисми инсон танасига ошхонанинг ўзида эмас, балки тайёр маҳсулотлар – колбаса, сосиска, чипс, консерва ва нон орқали кириб боради. Шу сабабли кўпчилик ўз билмаган ҳолда меъёрдан икки ёки уч баробар кўп туз истеъмол қилади. Туз организм учун зарур модда бўлса-да, унинг ортиқча миқдори қон ҳажмини ошириб, юрак ва томирларга ортиқча босим беради. Бу эса артериал гипертензия, инсульт ва юрак хуружи хавфини бир неча баробар оширади.
ЖССТ тавсияси ва дунё статистикаси
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти катталар учун кунлик туз истеъмолини 5 грамм (бир чой қошиқ)дан оширмасликни тавсия қилади. Бироқ статистика шундан дарак берадики, аксарият ҳолларда бу меъёр икки, ҳатто уч баробар оширилади. Масалан, жаҳон миқёсида ўртача кунлик натрий истеъмоли 4310 мгни ташкил қилади, бу эса тахминан 10,78 грамм тузга тенг — тавсиядан анча юқори.
Яширин туз манбалари
Кўпчилик туз миқдорини фақат овқатда қўшгани билан ҳисоблайди. Аслида эса унинг катта қисми қуйидаги маҳсулотлар орқали қабул қилинади:
-
колбаса ва сосиска турлари;
-
турли консервалар;
-
чипс, тузли ёнғоқлар;
-
нон ва нон маҳсулотлари.
Улардаги туз миқдори кўпинча белгиланган меъёрдан анча юқори бўлади.
Ортиқча туз истеъмолининг асосий зарарлари
1. Қон босими ошиши
Натрий организмда сувни ушлаб қолади, қон ҳажмини кўпайтириб, томирларга босимни оширади. Бу артериал гипертензияга олиб келиб, кейинчалик инсульт, юрак хуружи ва буйрак етишмовчилиги хавфини бир неча баробар оширади. Туз истеъмолини 1 граммга камайтириш ҳам қон босимини туширишга ёрдам беради.
2. Буйракларга ортиқча юклама
Ортиқча натрийни чиқариш учун буйраклар доимий зўриқиш ҳолатида ишлайди. Бу ҳолат узоқ давом этса, сурункали буйрак касалликлари ривожланиши мумкин. Шунингдек, натрийнинг кўплиги сийдикда калций миқдорини ошириб, буйрак тошлари хавфини кучайтиради.
3. Суяк ва мушаклар заифлашуви
Ортиқча туз суяк тўқималаридан калцийни “ювиб чиқаради”, бу остеопорозга олиб келади. Айниқса, менопаузадаги аёллар ва қариялар учун хавф юқори. Мушакларда ҳам кучсизланиш ва спазмлар пайдо бўлиши мумкин.
4. Ошқозон саратони
Юқори концентрациядаги натрий ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаб, Helicobacter pylori бактериясининг фаоллигини оширади. Бу бактерия ошқозон яраси ва саратонига олиб келиши мумкин.
5. Мия фаолиятининг бузилиши
Ортиқча натрий қон босимини ошириб, қон томирлар эластиклигини камайтиради. Натижада мияга кислород ва озуқа моддаларининг етиб бориши чекланади, хотира, диққат ва фикрлаш қобилияти пасаяди. Илмий изланишлар ортиқ туз истеъмоли деменция ва Алцгеймер хавфини ҳам оширишини кўрсатган.
Меъёрда туз истеъмол қилиш учун тавсиялар:
-
Тайёр маҳсулотлар ёрлиқларини ўқиб, туз миқдорига эътибор қаратинг;
-
Туз ўрнига зиравор ва кўкатлардан кўпроқ фойдаланинг;
-
Ярим тайёр ва қайта ишланган маҳсулотларни камайтирадиган одатлар шакллантиринг.
Ортиқча туз истеъмолини чеклаш орқали сиз юрак, буйрак, суяк ва мия саломатлигини асраб, келажакдаги кўплаб касалликларнинг олдини олишингиз мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!