Сўнгги йилларда соғлом овқатланиш тарафдорлари орасида бедана тухумига қизиқиш кескин ошди. Кўпчилик бу маҳсулотни superfood — яъни фойдали ва табиий озиқ деб ҳисоблайди. Ҳақиқатан ҳам, бедана тухумининг таркибида организм учун керакли кўплаб витамин ва минераллар мавжуд. Аммо уни тўғри истеъмол қилиш қоидаларига амал қилмаслик соғлигингизга жиддий зарар етказиши мумкин.
Бедана — товуқларга нисбатан турли касалликларга чидамли қуш ҳисобланади. Уларни парвариш қилишда антибиотиклар, гормонлар ёки зарарли кимёвий қўшимчалардан фойдаланилмайди. Шу боис, уларнинг тухуми экологик тоза ва табиий озиқ ҳисобланади. Буни ҳисобга олган ҳолда, кўпчилик бедана тухумини хомлигича истеъмол қилишга интилади.
Бироқ муҳим жиҳатни унутмаслик лозим: ҳар қандай тухум юзасида микроблар, хусусан, сальмонелла бўлиши эҳтимоли сақланиб қолади. Беданалар ушбу вирусга нисбатан иммунитетга эга бўлишига қарамай, нотўғри сақлаш ва ташиш натижасида қобиқ юзасига инфекция тушиши мумкин. Шу сабабли, хом тухумни истеъмол қилишдан аввал уни албатта иссиқ сувда ювинг, ҳеч бўлмаганда қайноқ сувни устидан тўкиб олинг.
Яна бир муаммо — тухум қобиғини очишдаги ноқулайлик. Кўпчилик тухумни қўл билан очаркан, қобиқнинг майда бўлаклари ичкарига тушиб кетишини кузатган. Бу эса овқат тайёрлашда гигиена ва эстетикага путур етказади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса бозорда мавжуд бўлган махсус бедана тухуми очадиган қайчи ёки асбоблардан фойдаланиш тавсия этилади.
Хулоса қилиб айтганда, бедана тухуми — организм учун фойдали, аммо уни истеъмол қилишдан олдин гигиена қоидаларига амал қилиш муҳим. Соғлигингизга бефарқ бўлманг — фойдали маҳсулотни ҳам оқилона танлаб ва эҳтиёткорлик билан истеъмол қилинг.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!