date

Кузги апатия сабаблари ва ундан чиқиш йўллари ҳақида

Кузги апатия сабаблари ва ундан чиқиш йўллари ҳақида

Куз фасли кириб келиши билан кунлар қисқара бошлайди, ҳаво салқинлашади ва табиатдаги ўзгаришлар инсон руҳиятида ҳам сезиларли акс этади. Айрим одамлар беихтиёрдан ялқовлашади, бошқалар эса ҳеч бир сабабсиз чарчаш, асабийлашиш ва руҳий тушкунликка тушиш ҳолатини бошидан кечиради. Мутахассислар буни “кузги апатия” деб номлайди.

Психолог Инкар Тўлегенова Jibek Joly телеканалидаги «Бүгін LIVE» дастурида ушбу ҳолатнинг сабаблари, белгилари ва ундан чиқиш йўллари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Унинг айтишича, “апатия” сўзи илдизи юнон тилидан олинган бўлиб, “бефарқлик” ёки “лоқайдик” деган маънони англатади. Қадимги мутафаккирлар бу ҳолатни ортиқча ҳис-туйғулардан қутулиш ва ички тинчликка эришиш жараёни сифатида талқин қилишган. Аммо замонавий тиббиётда бу атама салбий ҳолат сифатида баҳоланади.

1980-йилларда америкалик психиатр Норман Розенталь илмий изланишлар олиб бориб, мавсумий иқлим ўзгариши туфайли одамларда ҳаётга қизиқиш ва энергиянинг пасайиши аниқланиши билан “кузги апатия” тушунчасини киритган.

Психолог таъкидлашича, кузги апатия кўпинча мавсумий хусусиятга эга бўлиб, одатда бир ҳафтадан уч ҳафтагача давом этади. Бу даврда инсонда иштаҳа йўқолиши, уйқу режимининг бузилиши, иш ва ўқишга нисбатан қизиқишнинг пасайиши кузатилади.

– Апатия ва депрессияни бир-бири билан адаштириш тўғри эмас. Апатия кўпроқ мавсумий ўзгаришлар таъсирида пайдо бўлса, депрессия эса одатда инсоннинг ички руҳий жароҳатлари билан боғлиқ бўлади, – дейди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, кузги апатиянинг асосий сабаби куннинг қисқариши ва тундаги соатлар сонининг ортиши, яъни биологик ритмларнинг ўзгариши билан боғлиқ. Шу билан бирга, ёзги таътилдан кейин ишга ва ўқишга мослашиш жараёни ҳам руҳиятга жиддий таъсир кўрсатади.

Психолог апатияни енгиш учун бир қатор тавсияларни келтирди:

• инсон албатта дам олиш учун вақт ажратиши зарур;

• ижобий фикрлашни кундалик одатга айлантириш муҳим;

• спорт билан шуғулланиш ва қуёш нуридан кўпроқ фойдаланиш керак;

• соғлом овқатланиш ва витаминлардан фойдаланиш тавсия этилади;

• яқинлар ва дўстлар билан муносабатларни доимий равишда сақлаб туриш лозим.

Мутахассиснинг фикрича, кўпчилик кузни ғамгинлик, қисқа кунлар, нам ва совуқ ҳаво, атрофдаги лой билан боғлайди. Аммо бу даврни мўл-кўлчилик, ютуқлар ва янги имкониятлар фасли сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. Агар инсоннинг кузга муносабати ижобий томонга ўзгарса, лоқайдлик ва апатия таъсири сезиларли даражада камаяди.

Шу билан бирга, агар тушкунлик ҳолати уч ҳафтадан ортиқ давом этса, мутахассислар психолог ёрдамига мурожаат қилишни маслаҳат беришади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кузги апатия сабаблари ва ундан чиқиш йўллари ҳақида