Жамолиддин Раҳматуллаев: "Бундай хатоларни кейинги ўйинларда такрорламаслик устида ишлаймиз"
17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги гуруҳ босқич 1-туридан ўрин олган Япония - Ўзбекистон баҳси якунланди. Унда вакилларимиз 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Рақибларнинг голи 8-дақиқада киритилди. Қанотдан ошириб берилган тўпга Ютака Мичиваки боши билан зарба берди ва посбонимизни доғда қолдирди. 80-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Амирбек Саидов аниқ зарбаси билан мувозанатни тиклади - 1:1.
Учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида терма жамоамиз бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Ассалому алайкум, ҳаммага. Ўйинни юқори ишонч билан бошладик. Тезкор гол бизни шошириб қўйди. Ўйин тизгинини қўлга олишга кўпроқ вақт кетиб қолди.
Ўйин ҳақида...
Биз бугун эмоционал футбол намойиш этдик. Шундай бўлса ҳам ўйинни назорат қила олдик. Айниқса, охирги дақиқаларда ғалабани ҳам илиб кетишимиз мумкин эди.
Ўйинда жуда кўп зарбалар йўллашимиз керак. Бугун бу нарса бизда ўхшамади. Тактик томонлама ўйин намойиш эта олмадик. Юқорида айтганимдек, кўпроқ эмоцияга таяниб, футбол ўйнадик. Бу каби хатоларни кейинги ўйинларда такрорламаслик устида иш олиб борамиз.
Ҳиндистон билан ўйин ҳақида...
Кўпроқ тактикага эътибор беришимиз керак. Ҳиндистонга қарши ўйин биз учун юқори аҳамиятга эга. Тўғри, ҳиссиёт билан ўйнаш керак. Лекин ўйиннинг охирида айнан шу нарса бизга фойда келтирди.
Иккинчи турдаги ғалаба бизга плей-офф учун кенг имкониятларни очади. Шунинг учун бу баҳсда ғалаба учун майдонга тушамиз!
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг