
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ёрқин ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг Англия Премьер Лигасидаги дебюти кутилганидек муваффақиятли бошланмади. 2025 йилнинг қишки трансфер ойнасида 33 миллион фунт эвазига Франциянинг "Ланс" клубидан "Манчестер Сити"га ўтган ёш футболчи Англия чемпионатига мослашув жараёнида мураккабликларга дуч келмоқда.
Ҳусанов бугунгача жамоаси билан фақат 9 та баҳсда майдонга тушди. Эътиборлиси, сўнгги саккиз учрашувда у захирада қолдирилди. Бу ҳолат кўплаб мухлисларнинг эътиборини тортди ва футболчининг клубдаги келажаги борасида турли саволларни пайдо қилди.
Рой Кин: "Бу табиий мослашув босқичи"
Англия футболининг машҳур вакилларидан бири, собиқ футболчи Рой Кин ушбу вазиятга реалистик ёндашув билан муносабат билдирди:
"Ҳусановнинг "Сити"даги омадсиз бошланиши ҳеч қандай фожиа эмас. Янги мамлакатга, янги муҳитга, янги тил ва ҳамкасбларга кўникиш осон иш эмас. Бу ёш футболчи учун одатий бўлган мослашув жараёни. Мен Абдуқодирнинг бу синовни енгиб ўтишига ва яқин орада ўзини кўрсатишига ишонаман," — деди у ITV телеканалига берган интервьюсида.
"Борнмут"га қарши ўйин — чарчоқнинг биринчи белгиси
Абдуқодир Ҳусанов февраль ойида жамоасида энг яхши ўйинчи сифатида эътироф этилган эди. Аммо март ойидаги терма жамоа йиғинларидан кейин "Борнмут"га қарши баҳсда унда чарчоқ аломатлари яққол сезилди. Бу учрашувда ўзини кўрсата олмаган Абдуқодир биринчи бўлимдан кейин захирага олинди. Унинг ўрнига майдонга тушган Нико O’Райлининг яхши ўйини эса "Сити"даги рақобатни янада кучайтириб юборди.
Ёмон старт сабаблари нимада?
Daily Mail нашрининг ёзишича, Ҳусановнинг Англияга келишидан олдин бир ойдан ортиқ вақт мобайнида мунтазам машғулотларда иштирок этмагани унинг ўйинига таъсир қилган. Франция чемпионатидаги қишки танаффус ва трансфер билан боғлиқ жараёнлар сабабли Ҳусановда ўйин амалиёти етарли даражада бўлмаган.
Шунингдек, у янги жамоаси билан бор-йўғи битта машғулот ўтказиб, "Челси"га қарши дебют учрашувига тушган ва ушбу баҳсда хатога йўл қўйган эди. Бу эса мураббий ва мухлислар орасида унинг биринчи таассуротини яхши шакллантирмади.
Инглиз тили ва мураббий кўрсатмаларини тўлиқ тушунишдаги қийинчиликлар ҳам Ҳусановнинг дастлабки муаммоларидан бири сифатида кўрсатилмоқда. Лекин у кейинги учрашувларда, жумладан, Чемпионлар лигасидаги "Реал" ва АПЛдаги "Ливерпуль"га қарши ўйинларда ўз салоҳиятини намоён қилди.
Абдуқодир Ҳусанов — клуб келажагининг муҳим бўлаги
"Манчестер Сити" ичида Ҳусановнинг иқтидорига ишонч юқори. Унинг ёшлиги ва юқори салоҳияти клуб скаутларини ҳайратга солган. Айниқса, Витор Рейс билан дўстлик муносабатлари, уларнинг келажакда "Сити"нинг ҳимоя чизиғидаги асосий жуфтлик бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Айни вақтда жамоанинг ҳимоя чизиғида рақобат катта. O’Райлининг муваффақиятли ўйинлари ва Диаш-Гвардиол жуфтлигининг юқори даражадаги ўйини сабабли Пеп Гвардиола ўзгаришларга эҳтиёж сезмаяпти.
Лекин клуб раҳбарияти учун Ҳусанов — катта истиқбол эгаси. Энг муҳим масала — бу футболчининг тилни яхшироқ ўзлаштириши ва жамоа тактикасига тўлиқ мослашиши. Ёзги тайёргарлик босқичи Абдуқодир учун ўзини кўрсатиш учун янги имконият бўлади.
Шубҳасиз, Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити"даги келажагига катта умидлар боғланган. Мутахассислар уни Премьер Лигада порлайдиган янги юлдузлардан бири сифатида кўрмоқда.
Абдуқодир ҲусановМанчестер СитиАнглия Премьер ЛигасиМослашув жараёниФутболчи келажагиЎзбекистон терма жамоаси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар