date

Дубайда ёш пара спортчилар 197 та медални қўлга киритиб, тарих яратишди

Дубайда ёш пара спортчилар 197 та медални қўлга киритиб, тарих яратишди

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V ёшлар Пара Осиё ўйинларида мислсиз натижа қайд этган Ўзбекистон спорт делегацияси Ватанга тантанали руҳда қайтди. Қаҳрамон спортчиларимиз Тошкент халқаро аэропортида давлат ва жамоатчилик вакиллари, мухлислар ҳамда яқинлари томонидан катта ҳурмат билан кутиб олинди.

Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон ёш пара спортчилари жами 197 та медални қўлга киритди. Шундан 99 таси олтин, 57 таси кумуш ва 41 таси бронза медал бўлиб, бу кўрсаткич делегациямизга умумжамоа ҳисобида мутлақ биринчи ўринни таъминлади. Бу натижа нафақат жорий мусобақа, балки Ўзбекистон пара спорти тарихи учун ҳам янги босқич бўлди.

Айниқса, пара пауэрлифтинг бўйича вакилимиз Баҳриддин Холбўтаевнинг чиқиши алоҳида эътиборга лойиқ. У 54 кг вазн тоифасида 121 килограмм оғирликни кўтариб, нафақат олтин медалга сазовор бўлди, балки янги Осиё рекордини ҳам ўрнатди. Бу ютуқ унинг шахсий меҳнати билан бирга, мамлакатимизда пара спортга яратилаётган шароитлар самарасини яққол кўрсатди.

7–14 декабрь кунлари бўлиб ўтган Пара Осиё ўйинларида қитъамизнинг 35 мамлакатидан қарийб 1500 нафар ёш атлет 11 та спорт тури бўйича куч синашди. Ўзбекистон делегацияси эса пара енгил атлетика, пара таэквондо, бочча, пара сузиш, пара армрестлинг ва пара пауэрлифтинг каби йўналишларда муносиб иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, бундай юксак натижа тасодиф эмас. Солиштириш учун, 2021 йил Баҳрайнда ўтказилган IV Пара Осиё ўйинларида юртдошларимиз жами 16 та медал билан умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллаган эди. Орадан ўтган қисқа вақт ичида эса Ўзбекистон ёш пара спортчилари улкан сакрашга эришди.

Бу ғалабалар — ирода, меҳнат ва ишонч меваси. Энг муҳими, бу натижалар келажакда янада катта зафарлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Дубайда ёш пара спортчилар 197 та медални қўлга киритиб, тарих яратишди