Роналду янги бизнесга 10 миллион евро сармоя киритди

Португалиялик машҳур футболчи Криштиану Роналду энди минерал сув ишлаб чиқариш соҳасида ҳам ўзини синаб кўрмоқчи. У янги бизнес лойиҳасига 10 миллион евро сармоя киритди. Бу ҳақда «Sic Noticias» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур лойиҳада футболчининг ҳамкори Португалиянинг Grupo Ouhterinho компанияси бўлади. Компания ҳам ўз навбатида 10 миллион евро маблағ ажратган. Шу тариқа, янги бизнесга йўналтирилган умумий инвестициялар миқдори 20 миллион еврога етган.
Лойиҳа доирасида минерал сув қазиб олиш ва ишлаб чиқаришни Португалиянинг Браганса шаҳрида йўлга қўйиш режалаштирилган. Завод қурилишини якунлаш ҳамда янги брендни бозорга олиб чиқиш ишлари 2027 йил охиригача амалга оширилиши кутилмоқда.
Роналду сув бизнесида илк бор иш бошлаётгани йўқ
Маълумот учун, 41 ёшли Криштиану Роналду 2023 йил ёзида Мадрид шаҳрида тақдим этилган «Ursu9» сув брендининг ҳам ҳаммуассиси ҳисобланади. Демак, янги сармоя футболчининг ичимлик суви бозоридаги фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган.
Роналду фақат футбол майдонидаги ютуқлари билан эмас, балки спортдан ташқаридаги бизнес лойиҳалари билан ҳам эътибор марказида бўлиб келмоқда. Минерал сув ишлаб чиқаришга йўналтирилган янги сармоя эса унинг тадбиркорлик фаолиятидаги навбатдаги қадамлардан бири бўлади.
Қайд этиш жоиз, Криштиану Роналду ҳозирда Португалия терма жамоаси сафидаги голлар ва ўйинлар сони бўйича жаҳон рекордчиси ҳисобланади. У миллий жамоа таркибида 233 та расмий учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 146 та гол урган.






























Изоҳлар 0
…