10:00 / 24.03.2021
2 654

Роналдунинг нархи тушди, Шомуродовники эса кўтарилди!

Роналдунинг нархи тушди, Шомуродовники эса кўтарилди!
Трансферларга ихтисослашган Transfermarkt портали Италия А Сериясида тўп тепаётган жами 143 нафар футболчининг профилини янгилади.
Унга кўра, лиганинг энг ёрқин юлдузи Криштиану Роналдунинг трансфер суммаси 10 миллион еврога пасайди. 36 ёшли португалиялик ҳужумчи бунгача 60 миллион еврога баҳоланаётган эди. Энди унинг трансфер нархи 50 миллион еврони ташкил қилмоқда.

- Шубҳасиз, Роналду А Сериянинг энг зўр ҳужумчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Лекин ёши ўтиб бораётгани унинг нархига таъсир қилиши табиий. Асосийси эса, Роналду “Ювентус”га Европа Чемпионлар лигаси совринини олиб беролмади. Чунки у айнан шунинг учун таклиф этилганди. Клубнинг А Серияда бу йил муваффақиятсиз ўйнаётгани ҳам португалиялик юлдузнинг трансфер суммасини тушириб юборди, - деди Transfermarkt порталининг Италия бўйича бош муҳаррири Жатин Дитль.

Шунингдек, А Серияда ўйнаётган юлдуз даражасидаги футбол орасида Роналдудан ташқари “Наполи” ҳимоячиси Калиду Кулибали, “Ювентус” ҳужумчиси Пауло Дибаланинг трансфер нархи энг кўп – 10 миллион еврога арзолаб кетди.

Нархи кескин кўтарилган футболчилар орасида етакчи сифатида “Ювентус”нинг яна бир ҳужумчиси Федерико Кьезани кўрсатиш мумкин. Унинг трансфер суммаси 12 миллионга ошиб, айни пайтда 60 миллион еврони ташкил қилмоқда.

“Аталанта” ҳимоячиси Кристиан Ромеро ва “Милан” ярим ҳимоячиси Франк Кессининг нархига яна 10 миллион евродан қўшилди.

МДҲ мамлакатларида камол тапган футболчилар орсида фақатгина Элдор Шомуродовнинг трансфер суммаси ўсди. Қолганлари Элдордан қиммат баҳоланган бўлса-да, янгиланган рейтингда нархи тушган ёки ўзгаришсиз қолган.

Алексей Миранчук – 1 миллион. Трансфер нархи 17 миллион евро.
“Локомотив” етакчиси сифатида А Серияга йўл олган Алексей Миранчукнинг “Аталанта”даги фаолияти унинг нархига салбий таъсир қилди ва ярим мавсумда бир миллион еврога арзонлади. Россиялик футболчи гарчи кам майдонга тушаётган бўлса-да, самарали ҳаракатлари билан ажралиб турибди. У жами 625 дақиқа ўйнаб, иккита гол урди ва тўртта голли пас узатди. Лекин бу сайт мутахассислари эътиборини торта олмади.

Руслан Малиновский – нархи ўзгармади. Трансфер суммаси 21 миллион евро.
“Аталанта”да Алексей Миранчукнинг рақобатчиси ҳисобланган Украина футболи вакили Руслан Малиновский ўз мавқеини сақлаб қолди. Мавсумни захира ўриндиғида бошлаган Малиновский чемпионат ўртасига келиб, жамоанинг ишончли ўйинчилари қаторига қўшилиб олди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар бу рейтинг икки ой аввал тузилганида, Руслан ҳам бир неча миллионга арзонлашган бўларди. Лекин охирги 12 та учрашувда “гол+пас” тизимида тўрт очко тўплаб, ўз даражасини кўрсата олди.

Генрих Мхитарян – нархи ўзгармади. Трансфер суммаси 20 миллион евро.
Арманистоннинг бугунги кундаги энг машҳур футболчиси Англиядаги пасайишдан кейин А Серияда зўр ўйнаяпти. Лекин бу Transfermarkt мутахассисларини ҳайратга солгани йўқ. Улар Генрихнинг ёши ўтиб бораётганига эътибор қаратди. Одатда, ёши 30 дан ўтган футболчиларнинг трансфер суммаси аксарият ҳолатларда пастга шўнғийди. 32 ёшли Мхитираян “Рома” сафида 25 та учрашувда 9 та гол ургани унинг нархи сақланиб қолишига хизмат қилди холос.

Элдор Шомуродов – нарзи 500 минг еврога ошди. Трансфер суммаси 7 миллион евро.
А Серияда биринчи мавсумини ўтказаётган легионеримиз Transfermarkt порталида ўзи учун рекорд суммага баҳоланди. Гарчи “Женоа” ҳамюртимизни олиш учун қўшимча бонуслар билан 9 миллион евро тўлашга розилиги аниқ бўлса-да, трансферлар портали Элдорнинг нархини 6,5 миллион евродан оширмаган эди.

Шомуродовнинг нархи кўтарилиб бораётганини мутахассислар қуйидаги омилларга боғламоқда. Элдор мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушмоқда.”Ювентус”нинг ўзбек ҳужумчисига қизиқиши бор. Элдор учта гол урганидан ташқари, бир неча маротаба голларда бевосита иштирок этиб, жамоадошларининг тўп киритишига қулай вазиятлар яратиб берди. Ўзбек ҳужумчиси “Женоа” таркибида 1307 дақиқа ўйнаб, жами 9 та голга бевосита ҳисса қўшди.

А Серияга қишда келган “Аталанта”нинг украиналик ярим ҳимоячиси Виктор Коваленко (6 миллион евро) ва “Фиорентина”нинг россиялик ҳужумчиси Александр Кокориннинг (4,5 миллион евро) профили янгилангани йўқ.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Роналдунинг нархи тушди, Шомуродовники эса кўтарилди!