Tesla Роботахи масофадан бошқарув вақтида аварияларга учради

АҚШ Миллий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (НҲТСА) маълумотларига кўра, Tesla компаниясининг Роботахи автомобиллари иштирокида камида иккита авария қайд этилган. Ҳодисалар Техас штатининг Остин шаҳрида юз берган бўлиб, уларда йўловчилар бўлмаган, фақат тизимни назорат қилувчи операторлар иштирок этган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Иккала ҳолат ҳам телеметрик бошқарув вақтида содир бўлган. Автоном бошқарув тизими қийинчиликка дуч келганда, масофавий марказдаги оператор автомобил бошқарувини ўз қўлига олган. Натижада, бир ҳолатда машина бордюрга чиқиб кетиб, металл тўсиққа урилган, иккинчисида эса соатига 15 км тезликда қурилиш тўсиғига тўқнашган.
Tesla ушбу технологиядан автомобилларни мураккаб вазиятлардан чиқариш учун фойдаланилишини таъкидлайди. Компания фикрича, бу эвакуатор кутмасдан, тезкор ечим топиш имконини беради. Бироқ, янги маълумотлар автоном тизимнинг ҳали ҳам чекловларга эга эканлигини ва операторлар аралашувини талаб қилишини кўрсатмоқда.
Компания илк бор Роботахи дастури ишга туширилгандан бери содир бўлган 17 та ҳодисанинг тўлиқ тавсифини ошкор қилди. Аксарият ҳолатлар жиддий бўлмай, тўсиқлар ёки ҳайвонлар билан тўқнашувларни ўз ичига олган. Шунга қарамай, ушбу статистика Tesla автоном тармоғини кенгайтириш жараёнида ҳали кўплаб техник муаммолар мавжудлигини тасдиқлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!