08:02 / 03.09.2018
4 451

Ўзбекистон президенти 17 йиллик танаффусдан сўнг туркийзабон халқлар саммитига йўл олади

Ўзбекистон президенти 17 йиллик танаффусдан сўнг туркийзабон халқлар саммитига йўл олади
Орадан 17 йил ўтиб, Ўзбекистон Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгашида (Туркий кенгаш) давлат раҳбари даражасида яна иштирокини давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг VI саммитида иштирок этиш учун 3 сентябрь куни Қирғизистонга жўнаб кетади. Охирги марта Ўзбекистон давлат раҳбари ушбу саммитнинг 2000 йил Озарбойжонда ташкил этилган йиғилишида иштирок этганди. Шундан сўнг, 2001 йили Ўзбекистон парламенти спикери тадбирда иштирок этди, 2006 йили Антальядаги саммитда эса умуман Ўзбекистон вакили йўқ эди.

2009 йил 3 октябрь куни Нахчивонда ўтган йиғилишда янги ташкилот тузилгани эълон қилинди, унинг фаолиятига доир асосий тамойиллар 2010 йил 16 сентябрь куни Истанбул декларациясида ўз аксини топди. Шундай қилиб, янги ташкилот Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгаши номини олди, бироқ Ўзбекистон унинг яратилишида иштирок этмаган.

2016 йили Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев туркийзабон халқлар билан алоқаларни кучайтириш, янгилаш ва мустаҳкамлаш борасида кўп ишларни бажарди. Шулардан бири - ўзбек-турк муносабатларидаги совуқликка барҳам бериш, иқтисодий алоқаларга янги куч беришдан иборат бўлди. 2016 ва 2018 йили Туркия Президенти Ражаб Тоййип Эрдўған Ўзбекистонга, 2017 йил октябрь ойида эса Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюрди. Ўзбек-турк музокараларида бир неча марта расмий Тошкентнинг туркийзабон давлатлар ташкилотлари қаторига қайтиши билдирилди.

Айнан Ўзбекистоннинг Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгашига қайтиш ташаббуси Эрдўған томонидан билдирилди. Тошкент шаҳрида учрашган икки мамлакат президентлари қўшма баёнот пайтида, ушбу масалага қайтди ва Шавкат Мирзиёев Қирғизистондаги саммитда иштирок этишини тасдиқлади.

«Анқарадаги учрашувимизда Президент Эрдўған менга «Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгашида ўзбек байроғи» етишмаётганини айтганди. Бизнинг хулосамиз шундай бўлдики, бундан кейин, ташкилотнинг Истанбулдаги қароргоҳида Ўзбекистон байроғи ҳам ҳилпираб туради», деб қатъий таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.

3 сентябрь куни иш бошлаши кутилаётган Бишкекдаги саммитда Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон президентларининг ҳам иштироки тасдиқланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон президенти 17 йиллик танаффусдан сўнг туркийзабон халқлар саммитига йўл олади