Карло Анселотти Неймар билан жиддий суҳбат ўтказди

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анселотти 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун таркибни шакллантириш жараёнида Неймар билан муҳим суҳбат ўтказди. Италиялик мутахассис юлдуз ҳужумчига терма жамоадаги янги мақоми ва талаблар ҳақида очиқчасига маълум қилди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Глобо хабарига кўра, Анселотти ва техник директор Родриго Каэтано 34 ёшли футболчи билан видеоалоқа орқали боғланишган. Мураббий Неймарга эндиликда у жамоанинг "дахлсиз" футболчиси эмаслигини ва асосий таркибда кафолатланган ўринга эга эмаслигини тушунтирган. Шунингдек, Неймар сардорлик боғичидан ҳам маҳрум бўлган.
Суҳбат давомида Анселотти интизом масаласига ҳам тўхталиб ўтди. У Неймарга ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини камайтиришни ва бор эътиборини турнирга қаратишни қатъий тавсия қилди. Мураббийнинг фикрича, футболчининг тажрибаси ёш ўйинчилар учун муҳим, бироқ майдондаги роли асосан захирадан ўйинга қўшилиш билан чекланиши мумкин.
Шунга қарамай, Анселотти матбуот анжуманида Неймар жисмоний ҳолатини яхшилаганини ва турнирда муҳим рол ўйнашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Неймар жамоа ичидаги муҳитни яхшилаш ва ёшларга устозлик қилиш борасида катта ёрдам бера олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!